УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Бош саҳифа

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмасининг навбатдаги Раёсат йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда асосий эътибор 2016 йилдаги фаолият якунлари ва 2017 йилдаги устувор вазифаларга қаратилди.

Хусусан, ўтган йил давомида тармоқ касаба уюшмаси фаолиятининг устувор йўналишлари доирасида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. Жумладан, касаба уюшмаларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этгани, фуқароларнинг ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Тадбирда таъкидланганидек, Республика Кенгаши томонидан 48 та ҳўжалик шартномалари, 21 та жамоа шартномалари ва келишувлари, 199 та раёсат (конференция) қарорлари (фармойиш) ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.

Ўтган ҳисобот йилида Республика Кенгашининг юридик хизматига жами 64 та мурожаатлар билдирилган. Шулардан 3 та ёзма, 30 та оғзаки, “Ишонч телефони” орқали 31 та мурожаат бўлган. Мурожаатларнинг ҳар бири ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.

Ижтимоий шериклик асосида ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш самарадорлигини янада ошириш, меҳнаткашлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасидаги ишлар изчиллик билан олиб борилди. Яъни, 2015-2017 йиллар учун имзоланган Тармоқ келишуви ижроси доирасида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилганлиги хусусида “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзфармсаноат” АК иш берувчи вакилларининг ҳисоботлари тингланди.

Ҳисобот йилида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Федерация Кенгашининг Ўқув марказида меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ўқув курсларида ўқитилди. Жамоа шартномаларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилишига эътиборнинг кучайтирилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш имконини берди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, хўжалик субъектларида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига эътиборни кучайтириш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови икки босқичда ўтказилди. Якуний босқичда “Навоийазот” АЖ “Энг яхши корхона” номинациясида фахрли 2-ўринни эгаллади.

Йиғилишда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этгани, бу борада тизимли ишлар амалга оширилгани алоҳида таъкидланди.

Жумладан, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали корхона ва ташкилотларда 7287 нафар фуқаролар ва 5781 та оилага жами 13 млрд. 68 млн. сўмлик турли кўринишдаги ижтимоий кўмак кўрсатилди. Корхоналарда иш берувчилар ва касаба уюшмалари томонидан 1540 нафар кам таъминланган оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар шунингдек, уй жой қурилиши учун 125 оилаларга фоизсиз ссудалар ажратилди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларининг 1006 нафарга ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилинди. Фарзандлари 2 ёшдан 3 ёшгача тўлгунга қадар бўлган 852 ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 129 нафар кўп болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланишига эришилганлиги хусусида таъкидланди.

Шунингдек, тармоқ касаба уюшмаси вакиллари Беларуссия Республикасида ташкил этилган семинарда иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашиб қайтганлари юзасидан фикрлар билдирилди.

Раёсат йиғилиши давомида шунингдек, кун тартибидан ўрин олган бошқа қатор масалалар, шу жумладан, “Корхона ва ташкилотларда содир бўлган бахтсиз ходисалар таҳлили”, “Касаба уюшмалари тизимида “Соғлом она ва бола йили” дастурининг бажарилиши якунлари”, “Касаба уюшма ташкилотларида мурожаатларни кўриб чиқилишнинг ахволи” тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама этилди.

Раёсат йиғилишида кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan