ЭНГ ФАОЛ ЁШ КИМЁГАР АНИҚЛАНДИ

Бош саҳифа

“Навоийазот” акциядорлик жамиятида “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” кўрик-танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда корхона раҳбарияти, касаба уюшма қўмитаси, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши мутахассислари, журналистлар иштирок этди.

Корхона раҳбари Нодир Жўраев ва касаба уюшма қўмита раиси Тўлқин Рўзимуродов жисмонан соғлом, маънан етук, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол авлодни вояга етказиш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юритилаётган сиёсатнинг устувор йўналишини ташкил этишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур йўналишларда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови бунга мисолдир. Мазкур танловдан кўзланган мақсад ёш авлодни эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари этиб тарбиялаш, турли соҳаларда фаолият юритаётган малакали мутахассисларни аниқлаш, уларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш, инновацион ғоялар, лойиҳа ва технологияларни такомиллаштириш орқали янги иш ўринлари яратишга кўмаклашишдир.

Танловда корхонанинг цехларидан жами ўттиздан ортиқ ёш мутахассис иштирок этди.

Азот ишлаб чиқариш 5-цехи бўлими бошлиғи Шералиев Бекзод Шухрат ўғли ана шундай ёшлардан бири. У Тошкент кимё технология институтини тугатиб, 3 йилдан буён мазкур корхонада меҳнат қилмоқда. Кимё саноатидаги замонавий илм-фан ва амалиёт сирларини чуқур эгаллаётган, хорижий тажрибаларни мукаммал ўрганаётган ёш мутахассиснинг соҳада ишлаб чиқаришни ривожлантириш билан боғлиқ элликка яқин таклифи амалиётга татбиқ этилган. Бу меҳнат унумдорлиги ва маҳсулот сифатини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш, техника хавфсизлигини кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Бекзоднинг бу борадаги ютуқлари танловда алоҳида эътироф этилиб, кимё саноати йўналишида корхона босқичида “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари”, деб топилди.

– Президентимизнинг кимё тармоғини ривожлантиришга қаратаётган доимий эътибори натижасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган кимёвий моддалар нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларда ҳам катта эътибордалиги диққатга сазовордир, – дейди танлов ғолиби Бекзод Шералиев. – Бундай ютуқлар кўламини янада кенгайтириш, Ватанимизнинг дунё миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтиришга муносиб улуш қўшиш биз, ёшларнинг зиммамиздаги энг муҳим вазифадир.

Танловнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan