Давлатимиз раҳбарининг умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги фармойиши мамлакатимизда уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётганини тасдиқловчи яна бир муҳим ҳужжатдир.
Мазкур ҳужжат Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларни юксак ташкилий савияда ўтказиш, шунингдек, 1941–1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 71 йиллигини нишонлаш, уруш ва меҳнат фронти фахрийларига эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш, уруш йилларида улар кўрсатган матонат ва жасоратни кенг тарғиб қилиш мақсадида қабул қилинди.
9 май арафасида “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятида уруш ва меҳнат фронти фахрийларига корхона раҳбарияти ҳамда касаба уюшма қўмитаси номидан эсдалик совғалари ва бир марталик пул мукофоти тантанали равишда топширилди.
Бундан ташқари, 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, шунингдек, «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшаётган кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга эсдалик совғалари топширилиб, тантанали тадбирлар ва концерт дастурлари ташкил этилди.
Шунингдек, цехларда уруш ва меҳнат фронти фахрийлари иштирокида «Ўтмишсиз келажак йўқ», «Қадр – азиз, хотира – муқаддас» мавзуларида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Байрам арафасида корхона тасарруфидаги “Кимёгар” маданият саройида байрам тадбири ўтказилди. Ушбу тадбирда иккинчи жахон уруши, меҳнат фронти қатнашчилари, байналминалчи жангчилар ва меҳнат жамоаларининг вакиллари иштирок этди. Жамият бошқаруви раиси А.Солижонов ҳамда касаба уюшма қўмитаси раиси Р.Тошбековлар барча уруш иштирокчилари, меҳнат фронти қатнашчилари ҳамда цех ва бўлимларнинг вакилларини «Хотира ва қадрлаш куни» билан самимий табрикладилар. Ташкиллаштирилган концерт дастуридан сўнг, тадбир иштирокчилари учун байрам дастурхони ташкил этилди ва уларга корхона ҳамда касаба уюшмаси томонидан гуллар ҳамда 100 000 сўмдан пул мукофотлари топширилди.
Мухтасар айтганда, фахрийларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиб бераётган давлатимиз томонидан уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, бугун улар туфайли мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда, ҳаётимиз фаровон. Жанг майдонларида жон берган, урушдан қайтмаганларни эслаш, бугун орамизда соғ-саломат ҳаёт кечираётган нуроний отахон ва онахонларимизга ғамхўрлик кўрсатиш бизнинг муқаддас бурчимиздир.