ЎзКУФ устави

ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИНИНГ

УСТАВИ

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2010 йил 21 декабрдаги V Қурултойида қабул қилинган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2014 йил 27 февралдаги навбатдан ташқари VI Қурултойида қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган.

 1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси (бундан буён матнда «Федерация» деб юритилади) – ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳаларида касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳамкорликда амалга ошириш ва ҳимоя қилиш учун бирлашган Республика касаба уюшмалари(бундан буён матнда «Касаба уюшмалари» деб юритилади)томонидан ихтиёрий асосда тузилган.

1.2. Федерация даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган Уюшма ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотдир.

1.3. Федерация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади ва республика миқёсидаги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўзининг аъзо ташкилотларига эга.

1.4. Федерация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Меҳнат ва Фуқаролик кодекслари, Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва ушбу Устав асосида амалга оширади.

1.5. Федерация ўз тузилмаси, фаолиятининг мақсад, шакл ва услубларини белгилашда эркиндир, мустақил равишда ўз органларини шакллантиради ва штатдаги ходимлар аппаратини тузади.

1.6. Федерация ўзининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ халқаро ва хорижий касаба уюшмалари ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади, касаба уюшмаларининг халқаро ва бошқа уюшмаларига кириши ва чиқиши мумкин.

1.7. Федерация уставда белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат органлари, иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари, сиёсий партия ва ҳаракатлар, бошқа жамоат бирлашмалари, юридик шахслар ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

1.8. Федерация ўз фаолиятида давлат органлари, иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақилдир, улар олдида ҳисобдор эмас ва улар томонидан назорат қилинмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

1.9. Федерациянинг номланиши:

ўзбек тилида: тўлиқ – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси; қисқартмаси – ЎзКУФ;

рус тилида: тўлиқ – Федерация профсоюзов Узбекистана; қисқартмаси – ФПУз;

инглиз тилида: тўлиқ – Federation of Trade Unions of Uzbekistan; қисқартмаси – FTUUz.

1.10. Федерация раҳбар органи – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг жойлашган ери (почта манзили): 100165. Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 24-уй.

2. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

2.1. Федерация аъзо ташкилотларнинг касаба уюшмалари аъзоларини ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари, ишлаб чиқариш, касбий, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек, аъзо ташкилотларнинг умумий мақсадларига эришиш, умумий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш, амалдаги қонунчилик доирасида уларнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш мақсадида тузилган.

2.2. Ўз мақсадларига эришиш учун Федерация:

Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг стратегия ва тактикасини ишлаб чиқади, аъзо ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга, уларни мустаҳкамлашга кўмаклашади;

ижтимоий шериклик тизимини ривожлантиришга, касаба уюшмалари, иш берувчилар ҳамда Ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уч тарафлама ҳамкорлиги тамойилларининг амалга оширилишига кўмаклашади;

Федерация, иш берувчиларнинг Республика бирлашмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Бош келишувни, Федерацияга аъзо ташкилотларнинг манфаатларига жавоб берадиган бошқа келишувларни ишлаб чиқиш ва тузиш ташаббуси билан чиқади, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси томонидан меҳнат муносабатларига оид халқаро шартноманинг ратификация қилинишида, шунингдек меҳнат муносабатлари, бандлик, меҳнат миграцияси, касб-ҳунар таълими, меҳнат ва соғлиқни муҳофаза қилиш, касаба уюшмалари ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатларини кенгайтириш, гендер тенглиги, ёшларга оид ва ижтимоий-меҳнат соҳасига алоқадор бошқа масалаларга доир қонун ҳужжатларининг ишлаб чиқилишида иштирок этади;

қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

ходимларнинг муносиб турмуш тарзи ва ижтимоий ҳимоясини таъминлайдиган шароитлар яратишга йўналтирилган давлат дастурларининг шакллантирилиши ва амалга оширилишида иштирок этади;

касаба уюшмалари аъзолари ва уларнинг оилалари ўртасида соғломлаштириш тадбирларини ташкил этади, маданият, туризм, оммавий жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини, санаторий-курортларда даволаш, болаларни соғломлаштириш ва дам олдиришни ривожлантириш масалаларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, иш берувчилар ва жамоат бирлашмалари билан биргаликда ҳаракат қилади;

Федерация мулкининг сақланишини таъминлайди, унга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан самарали фойдаланиш чораларини амалга оширади, аъзо ташкилотларнинг мулкдан самарали фойдаланишлари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқади.

2.3. Федерация касаба уюшмалари ташкилотларининг қуйидагиларга эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштиради ва қўллаб-қувватлайди:

миллати, жинси, ёши ва диний эътиқодидан қатъи назар, касаба уюшма аъзосининг меҳнат қилиш, иш ва касбини эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитига ва ишсизликдан ҳимояланишга бўлган конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишига;

максимал даражада бандликнинг таъминланиши, даромадларнинг оширилиши ва мулкий табақаланиш даражасининг камайтирилишига;

меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат режимининг ижтимоий адолатли тизими жорий этилишига;

ишлаб чиқаришни ривожлантириш даражасига мувофиқ ишловчиларнинг малакаси оширилиши ва касбий  қайта тайёрланишига;

меҳнат, меҳнат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишига;

давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан меҳнаткашларнинг меҳнат, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқ ва манфаатларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, шунингдек, халқ фаровонлиги, ижтимоий барқарорлик ва юрт осойишталигини сақлаш борасида ўзаро ҳамкорлик олиб борилишига;

ижтимоий шериклик йўлга қўйилиши, жамоа музокараларининг ташкил этилиши, жамоа шартномалари ва келишувлари тузилиши, уларнинг бажарилиши устидан назоратнинг амалга оширилишига;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг соғломлаштириш, оммавий спортни тарғиб этиш, маънавий салоҳиятни юксалтиришга қаратилган маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этилишига, шунингдек маданият, жисмоний тарбия ва спорт иншоотлари, санаторийлар, дам олиш уйлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланишига кўмаклашишга.

3. ФЕДЕРАЦИЯГА АЪЗО ТАШКИЛОТЛАР, УЛАРНИНГ
ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

3.1. Ушбу Уставнинг 3.2-бандида белгиланган тартибда аъзоликка қабул қилинган, мазкур Уставни тан оладиган ва бажарадиган касаба уюшмалари Федерацияга аъзо ташкилотлар ҳисобланади.

3.2. Федерацияга янги аъзо ташкилотларни қабул қилиш ҳақидаги қарор касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати номига ёзилган ва уларнинг коллегиал органи қарори, Устави, аъзолар сони ҳақидаги маълумот, ташкилий тузилмаси, раҳбар органларининг жойлашган жойи, юридик манзили, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, аъзолик бадалларини тўлаш бўйича мажбурияти илова этилган ёзма аризаси асосида қабул қилинади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзоликка қабул қилиш ҳақидаги Федерация Кенгаши Раёсати қарори Федерация Кенгаши тасдиғига киритилади.

Федерацияга қабул қилиш рад этилганда бу масала кирувчи ташкилот томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида(бундан буён матнда «Федерация Кенгаши» деб юритилади)кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.

3.3. Аъзо ташкилотларнинг Уставлари Федерациянинг мақсад ва вазифаларига зид бўлмаслиги керак. Касаба уюшмалари Уставлари ва Федерация Уставида тафовутлар мавжуд бўлган қоидаларни қўллаш юзасидан баҳсли ҳолатлар юзага келган тақдирда, Федерация Устави қоидалари қўлланади.

3.4. Қуйидаги ҳолларда Федерацияга аъзолик тўхтатилади:

амалдаги қонунчилик асосида аъзо ташкилот тугатилганда;

аъзо ташкилот Федерация таркибидан чиққанда;

аъзо ташкилот Федерация таркибидан чиқарилганда.

Федерация таркибидан чиқиш тўғрисида қарор Федерация Кенгашини камида уч ой олдин огоҳлантирган ҳолда, аъзо ташкилотнинг фақат Қурултойи, конференциясида қабул қилиниши мумкин.

Федерация таркибидан чиқиш тўғрисидаги қарор Федерация Кенгаши томонидан тасдиқлангунга қадар аъзо ташкилот мазкур Уставни бажаришга мажбур.

Устав талаблари, Федерация коллегиал органлари қарорларини бажармаётган, Федерацияга аъзолик бадалини тўламаётган аъзо ташкилот Федерация Кенгаши қарорига биноан Федерация таркибидан чиқарилиши мумкин.

Аъзо ташкилот Қурултойининг Федерациядан чиқиш ҳақидаги қарори уч ой муддатда кўриб чиқилади.

3.5. Аъзо ташкилотлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мазкур Уставга ва Федерациянинг Ҳаракат дастури принципларига зид келмайдиган дастурий ва локал ҳужжатларни қабул қилиш;

ўз вакилларини Федерация Кенгаши таркибига сайлаш, уларни чақириб олиш, алмаштириш;

Федерациянинг сайлаб қўйиладиган органларига касаба уюшмалари фаолиятининг ҳар қандай масалалари бўйича мурожаат қилиш, тушунтириш ва ахборот олиш, зарурат туғилганда қўйилган масалани ҳал қилишда қўллаб-қувватланиш;

ҳужжатлар лойиҳаларини Федерация Қурултойлари ва сайлаб қўйиладиган органларига кўриб чиқиш учун киритиш;

ўз вакиллари орқали Федерациянинг коллегиал органлари ишида иштирок этиш;

ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига Федерациянинг таклифларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Федерация Кенгаши, Республика иш берувчилар уюшмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Бош келишув лойиҳасига ўз таклифларини киритиш ва Федерация Кенгашининг ушбу йўналишдаги фаолиятида қатнашиш;

Федерациянинг турли хил дастурларини ишлаб чиқиш ва жамғармаларини тузишда иштирок этиш;

Федерация мулкидан фойдаланиш ва уни бошқаришда иштирок этиш;

касаба уюшмалари кадрлари ва фаолларини ўқитиш, ўз фаолияти учун зарур ахборот олиш ва тарқатиш учун Федерация имкониятларидан фойдаланиш. Ўз вакилларини Федерация томонидан ўтказиладиган тадбирлар, ўқув семинарларига йўллаш;

касаба уюшмаси ходимларини ва фаолларини Федерация нишонлари ва Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар, шунингдек, уларни Давлат мукофотлари ва фахрий унвонларга тавсия этиш бўйича Федерация томонидан қўллаб-қувватлашни сўраб тақдимномалар киритиш.

3.6. Аъзо ташкилотлар:

Федерация Устави талабларини бажаришга;

Федерация фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фаол иштирок этиш, Федерация аъзо ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишда бирдамлик кўрсатишга, Федерациянинг мақомини мустаҳкамлаш ва унинг жамиятдаги ҳамда халқаро касаба уюшмалари ҳаракатидаги ролини ошириш бўйича иш олиб боришга;

Федерация органларининг мазкур Уставга мувофиқ қабул қилган қарорларини бажаришга;

Федерация Кенгаши, Республика иш берувчилар уюшмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Бош келишув тузилиши ва бажарилишига кўмаклашишга;

Федерацияга кирувчи касаба уюшмаларида аъзолик ва аъзолик стажини ўзаро тан олишга;

Федерация ва унга кирган аъзо ташкилотлар манфаатларини камситадиган хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка;

Федерация тегишли аъзо ташкилотларининг олдиндан ўзаро хабар қилмасдан  касаба уюшмалари ташкилотларини бир касаба уюшмасидан бошқасига ўтишига йўл қўймасликка;

ўз уставлари, низомлари ва раҳбар кадрлари таркибидаги ўзгаришлар, қабул қилинаётган қарорлар ва амалга оширилаётган ҳаракатлар ҳақида Федерацияни хабардор қилиб боришга;

Федерация таъсис этган оммавий ахборот воситалари, унинг тасарруфидаги бошқа ташкилотлари фаолиятига кўмаклашишга;

ўзлари бирлаштирган касаба уюшмалари аъзолари сони ҳақида маълумот, аъзолик  бадалларини ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ молиявий ҳисобот, бошқа статистик маълумотларни норматив ҳужжатларда белгиланган шакл ва тартибда Федерация Кенгашига тақдим этишга мажбурлар.

3.7. Аъзо ташкилотлар раҳбарлари Федерация коллегиал органлари қабул қилган қарорларнинг амалга оширилиши учун шахсан жавобгардирлар.

Қарорларни бажармаслик ҳоллари Федерация коллегиал органлари мажлисларида кўриб чиқилади, натижалари ва кўрилган чоралар ҳақида ахборот аъзо ташкилотларга юборилади.

4. ФЕДЕРАЦИЯ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛИШИ
ВА ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ

4.1. Федерация ўз фаолиятини адолат, қонунийлик, бирлик, ошкоралик, мустақиллик, ўзини ўзи бошқариш, ихтиёрийлик, аъзо ташкилотлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тенглиги, озчилик фикри ҳисобга олинган ва келишувга интилган ҳолда қабул қилинган Федерация органлари қарорларининг аъзо ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурийлиги тамойилларига асосан амалга оширади.

4.2. Федерация тузилмасини қуйидагилар ташкил этади:

касаба уюшмалари ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бирлашмалари;

Республика касаба уюшмалари;

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши.

Касаба уюшмаларида хотин-қизлар ва ёшлар кенгашлари (қўмиталари) тузилиши мумкин, улар тўғрисидаги низом таъсисчи томонидан тасдиқланади.

4.3. Республика касаба уюшмалари

4.3.1. Республика касаба уюшмалари ҳам ишлаб чиқариш, ҳам ноишлаб чиқариш соҳаларидаги фаолияти турига қараб муштарак манфаатлар билан боғланган ходимлар, қисман иш билан банд бўлганлар ёки вақтинча ишсизлар, талабалар ва ўқувчи ёшлар, ишламайдиган пенсионерлар, аҳоли бошқа тоифаларининг (бундан буён матнда «Ходимлар» деб юритилади) ўзини ўзи бошқарувчи ихтиёрий жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланадилар.

4.3.2. Касаба уюшмалари касб-кор, ишлаб чиқариш, ҳудудий-ишлаб чиқариш, тармоқ, тармоқлараро ҳудудий принциплар бўйича тузилади.

4.3.3. Касаба уюшмалари Федерацияси Устави ва Ҳаракат дастурига зид бўлмаган ўз уставлари, низомлари, дастурий ҳужжатларига эга бўлишлари мумкин.

Қурултойлар касаба уюшмаларининг олий органи бўлиб, улар касаба уюшмалари Республика кенгашлари томонидан беш йилда камида бир марта чақирилади. Уларни чақириш, вакиллик нормаси ва кун тартиби ҳақида камида икки ой олдин эълон қилинади.

4.3.4. Касаба уюшмалари тизимида, бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб ва йўналтириб бориш мақсадида, ваколати доирасида Федерация Кенгаши, Раёсати билан келишган ҳолда, Республика кенгашлари томонидан туман, шаҳар кенгашлари тузилиши, уларни молиялаштириш тартиби ва штатлари белгиланиши мумкин.

4.5. Касаба уюшмалари ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмалари.

4.5.1. Касаба уюшмалари ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмалари Федерация Кенгашининг юридик шахс мақомига эга бўлган алоҳида бўлинмалари ҳисобланиб, тегишли маъмурий-ҳудудий тузилмаларда Федерация манфаатларини ифодалайдилар ва амалга оширадилар, Республика касаба уюшмалари тузилмавий ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирадилар ва мувофиқлаштирадилар, уларнинг вакили бўладилар, касаба уюшмалари аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш бўйича фаолиятларини таъминлашда уларга кўмаклашадилар.

Федерацияга аъзо бўлган касаба уюшмаларининг тузилмавий ташкилотлари касаба уюшмалари ташкилотларининг ҳудудий бирлашмалари таркибига кириши шарт.

Касаба уюшмалари ташкилотларининг ҳудудий бирлашмалари фақат Федерацияга аъзо бўлган касаба уюшмаларининг тузилмавий ташкилотларини бирлаштиришлари лозим.

4.5.2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари Федерация Кенгаши қарори билан тузилади ёки тугатилади ва ўз фаолиятини мазкур Устав ва Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган «Ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар) касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тўғрисида Низом» асосида амалга оширадилар. Бирлашмаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни ташкил этиш ва тугатиш тартиби ушбу низомда белгиланади.

Бирлашмалар конференциялари касаба уюшмалари ташкилотлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмаларининг олий органи ҳисобланадилар, улар бирлашма кенгаши томонидан беш йилда камида бир марта чақириладилар. Уларни чақириш, вакиллик нормаси ва кун тартиби ҳақида камида икки ой аввал эълон қилинади. Навбатдан ташқари конференциялар бирлашмалар кенгашлари қарори билан уларнинг ўз ташаббусига кўра ёки улар таркибига кирувчи ташкилотларнинг камида учдан бир қисмининг талаби, шунингдек, Федерация Кенгаши Раёсати қарори билан чақирилади. Уларни чақириш, вакиллик нормаси ва кўзда тутилган кун тартиби ҳақида камида бир ой аввал эълон қилинади.

4.5.3. Конференциялар ваколатига:

касаба уюшмалари ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмалари кенгашлари, бирлашмаларнинг тафтиш комиссиялари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;

дастурий ҳужжатларни қабул қилиш ва уларга ўзгартишлар киритиш;

бирлашмалар ва уларнинг тафтиш комиссиялари раисларини, бирлашмалар кенгашлари ва тафтиш комиссиялари аъзоларини, Федерация Кенгаши таркибига вакиллар ва Федерация Қурултойига делегатлар сайлаш;

белгиланган квотага мувофиқ тўғридан-тўғри вакил йўллаш принципига биноан аъзо ташкилотлар томонидан сайланган бирлашмалар кенгашлари аъзолари ваколатини тасдиқлаш киради.

4.5.4. Касаба уюшмалари ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмалари кенгашлари конференциялар оралиғида раҳбар орган ҳисобланадилар ва беш йил муддатга сайланадилар.

Кенгашлар мажлислари кенгашлар раёсатларининг қарорларига мувофиқ, заруриятга қараб, лекин бир йилда камида бир маротаба чақирилади.

4.5.5. Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари Кенгашлари:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида касаба уюшмалари аъзоларининг иқтисодий, меҳнат, ижтимоий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалайдилар ва ҳимоя қиладилар;

иш берувчилар бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича келишувлар тузадилар ва уларнинг амалга оширилишига эришадилар;

меҳнат, бандлик, маиший турмуш, соғломлаштириш, маданий-маърифий ва спорт ишлари, шунингдек, бошқа масалалар бўйича таклифлар киритадилар ҳамда уларнинг ҳаётга татбиқ этилишига эришадилар;

рўйхатдан ўтган корхона ва ташкилотлар рўйхатини шакллантирадилар, касаба уюшмалари Республика кенгашлари билан ҳамкорликда уларни касаба уюшмаларига жалб этиш чораларини кўрадилар;

аҳолининг турли гуруҳлари ва қатламлари турмуш даражасини ўрганадилар, аҳоли даромадлари ва халқ истеъмол моллари ҳамда хизматлар нархининг ўсиш индекси нисбатини тартибга солиш бўйича таклифларни тайёрлашда иштирок этадилар;

ҳудудда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш режаларини шакллантиришда иштирок этадилар;

амалдаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат қонунчилигига ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этилиши устидан ҳудудда жамоатчилик назоратини ташкил қиладилар, ишлаб чиқаришда меҳнат ҳуқуқи, меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини назорат қиладилар;

ҳудуддаги касаба  уюшма  ташкилотларига касаба уюшмалари ва бошқа тизимдаги санаторийларга йўлланмаларни берадилар ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳларини  молиялаштириш  масалаларини  ҳал  қиладилар;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, оммавий спорт билан шуғулланишга жалб этиш, маънавий салоҳиятини юксалтириш, маданий дам олишларини ташкил этиш соҳасида иш олиб борадилар, шунингдек, болаларнинг ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари ишини ташкил қиладилар;

ижтимоий суғурта бюджети ва санаторий йўлланмаларини тақсимлаш режасини тасдиқлайдилар, ижтимоий суғурта маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатадилар ва бунинг учун жавобгарлар, Федерация Кенгашига бюджет ижроси бўйича молиявий ҳисоботларни тақдим этадилар;

аъзолик бадаллари ҳисобидан бериладиган санаторий, дам олиш уйлари йўлланмаларини тақсимлаш режасини ҳамда Федерация Кенгаши Раёсати томонидан маъқулланган даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайдилар, маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатадилар ва бунинг учун жавобгарлар, Федерация Кенгашига молиявий ҳисоботларни тақдим этадилар;

касаба уюшмалари ташкилотларига ташкилий-ҳуқуқий, услубий-консультатив ёрдам кўрсатадилар;

Федерация Кенгаши томонидан белгиланган тартибда хайрия ва хомийлик фаолиятини  амалга  оширадилар;

умумий мақсадлар йўлида касаба уюшмалари Республика кенгашлари билан ҳамкорлик қиладилар;

бирлашма кенгаши тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирадилар ва раҳбарлик қиладилар;

касаба уюшмаси маблағлари, шунингдек, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун ажратиладиган маблағларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тушишини таъминлайдилар;

бирлашма кенгаши раиси ўринбосарларини, айрим (шу жумладан, ўз ҳоҳишига кўра ёки бошқа ишга ўтганлиги сабабли лавозимидан озод этиш ҳақида ариза берган, саломатлиги ёмонлашгани туфайли ўз вазифаларини бажара олмай қолган) ҳолларда конференциялар оралиғида бирлашма раисини сайлайдилар ва лавозимидан озод қиладилар, кенгашнинг янги вакил қилинган аъзолари ваколатларини тасдиқлайдилар, бирлашма кенгаши аъзоларини кооптация қиладилар, шунингдек, Федерация Кенгаши таркибига ўз вакилларини сайлайдилар ҳамда чақириб оладилар;

Федерация Қурултойи, бирлашма конференцияси, Федерация Кенгаши ва Кенгаш Раёсати томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини таъминлайдилар.

Кенгашлар мажлислари оралиғида жорий масалаларни ҳал қилиш учун кенгаш мажлисида кенгашлар раёсатлари сайланади. Раёсатларнинг ваколатлари «Ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар) касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тўғрисида Низом»да белгиланади.

4.5.6. Раёсатлар мажлислари заруратга қараб, лекин чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

Касаба уюшмалари ташкилотлари ҳудудий бирлашмалари кенгашлари аппаратларининг тузилмаси ва штатлари Федерация Кенгаши Раёсати томонидан белгиланади.

Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси бир вақтнинг ўзида бирлашма кенгаши ва кенгаш раёсати раиси ҳам ҳисобланади.

4.6. Тафтиш комиссиялари

4.6.1. Касаба уюшмалари ташкилотларининг тафтиш комиссиялари тегишли сайлаб қўйиладиган касаба уюшмалари органлари билан бир вақтда йиғилишлар, конференциялар, Қурултойларда мазкур сайлаб қўйиладиган органларнинг ваколат муддатига ва тартибда, комиссия раиси ва аъзоларидан иборат таркибда сайланадиган мустақил органлар бўлиб, уларни сайлаган органга ҳисобдордир.

4.6.2. Тафтиш комиссиялари ўз фаолиятида мазкур Уставга, тармоқ касаба уюшмалари уставларига, тегишли конференциялар, Республика касаба уюшмалари Қурултойлари томонидан тасдиқланган «Тафтиш комиссиялари тўғрисида»ги Низомларга амал қиладилар. Тафтиш комиссияларининг иши, шунингдек, Федерациянинг Назорат-тафтиш комиссияси томонидан мувофиқлаштириб борилади.

 5. ФЕДЕРАЦИЯ ОРГАНЛАРИ

5.1. Қуйидагилар Федерация органлари ҳисобланади:

Федерация Қурултойи;

Федерация Кенгаши;

Федерация Кенгаши Раёсати;

Федерациянинг Назорат-тафтиш комиссияси.

5.2. Федерация Қурултойи.

5.2.1. Федерация Қурултойи Федерациянинг олий органи ҳисобланиб, у беш йилда бир марта ўтказилади. Қурултой Федерация Кенгаши қарори билан чақирилади. Уни чақириш, вакиллик нормаси ҳамда кун тартиби тўғрисида Қурултой очилишидан камида уч ой олдин эълон қилинади.

Федерациянинг навбатдан ташқари Қурултойи Федерация Кенгаши томонидан ёки Федерация аъзо ташкилотларнинг камида учдан бир қисмининг талабига биноан чақирилади. Федерация Кенгашининг навбатдан ташқари Қурултойни чақириш, вакиллик нормаси, кун тартиби тўғрисидаги қарори унинг очилишидан камида бир ой олдин эълон қилинади.

5.2.2. Аъзо ташкилотларнинг камида учдан икки қисмининг вакиллиги таъминланган ҳамда сайланган делегатларнинг учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, Қурултой тўла ваколатга эга ҳисобланади.

5.2.3. Қурултой қарорлари қарорлар ва резолюциялар шаклида қабул қилинади.

5.2.5. Қурултой ваколатига:

Федерацияни қайта ташкил этиш, тугатиш ва фаолиятини тўхтатиш;

Устав ва Ҳаракат дастурини қабул қилиш, шунингдек, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

Федерация Кенгаши ва Федерация Назорат-тафтиш комиссияси фаолияти ҳақидаги ҳисоботларни эшитиш ва уни тасдиқлаш;

Федерация раисини, Федерация Кенгаши аъзоларини сайлаш, белгиланган квотага мувофиқ аъзо ташкилотлар томонидан тўғридан-тўғри вакил йўллаш принципига биноан сайланган Федерация Кенгаши аъзолари ваколатларини тасдиқлаш;

Федерациянинг Назорат-тафтиш комиссияси таркибини сайлаш, унинг ваколатларини белгилаш ва ҳисоботларини тасдиқлаш;

Республика касаба уюшмалари ҳаракатининг муҳим масалалари бўйича қарорлар, баёнотлар, мурожаатномалар қабул қилиш;

аъзо ташкилотларнинг Кенгаш томонидан рад этилган мурожаатлари юзасидан аппеляцияларини кўриб чиқиш ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа масалалари киради.

Қурултой ўзининг мутлоқ ваколатларига кирмайдиган айрим масалалар юзасидан ваколатларни Федерация Кенгаши, Кенгаш Раёсати, Федерация раисига бериши мумкин.

Федерация раиси, Федерация Кенгаши раисининг ўринбосарлари лавозимларига кўра Федерация Қурултойларининг делегатлари ҳисобланадилар.

5.3. Федерация Кенгаши

5.3.1. Навбатдаги Қурултойлар оралиғида Федерациянинг сайлаб қўйиладиган доимий ҳаракатдаги раҳбар органи ҳар бир аъзо ташкилотдан ва ҳудудий бирлашмалардан тенг миқдорда-иккитадан вакилни тўғридан-тўғри йўллаш принципи бўйича шакллантириладиган Федерация Кенгаши ҳисобланади.

Вакилларни Федерация Кенгаши таркибига сайлаш, уларни алмаштириш ва чақириб олиш Федерацияга аъзо ташкилотларнинг Қурултойлари, ҳудудий бирлашмалар конференциялари ёки раҳбар органлари мажлисларида амалга оширилади.

Шунингдек, Федерация Кенгаши таркибига Қурултойда сайланган аъзолар, лавозимига кўра Федерация раиси ва унинг Федерация Кенгаши бўйича ўринбосарлари киради.

Федерация Кенгаши мажлиси заруриятга кўра, аммо бир йилда камида бир марта чақирилади.

5.3.2. Федерация Кенгашининг ваколат муддати беш йил.

5.3.4. Федерация кенгаши:

Уставда белгиланган вазифаларни ва Федерация Қурултойининг қарорларини бажариш бўйича фаолиятни амалга оширади;

ўз фаолияти тўғрисида 5 йилда камида бир марта Қурултойга ҳисобот беради;

ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларига алоқадор, жумладан, бандлик, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, иш ҳақи, меҳнат шароити, ходимларнинг меҳнатини, соғлигини ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, уй-жой ва маиший турмуш шароити, маданий хизмат кўрсатиш, ходимларнинг ижтимоий кафолатлари масалалари бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва уларни қонунларда ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаш юзасидан фаолият олиб боради;

ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича уч томонлама комиссиядаги Федерациянинг мухтор вакиллари таркибини тасдиқлайди;

бошқа мамлакатларнинг касаба уюшмалари ташкилотлари билан халқаро алоқаларни ривожлантиради, уларнинг тажрибасини ўрганиб боради;

ўз фаолияти тўғрисида аъзо ташкилотларни мунтазам равишда хабардор қилиб боради;

Федерацияга аъзо ташкилотлар томонидан ўтказиладиган аъзолик бадали миқдори, тўлов тартиби ва муддатини белгилайди, Федерациянинг махсус (бирдамлик, суғурта, маданий-маърифий, кадрларни ўқитиш ва тайёрлаш ҳамда Устав мақсадларига мос келадиган бошқа масалаларга оид) жамғармаларини ташкил қилади, мазкур жамғармалар маблағлари фақат ушбу жамғармалар Низомида белгиланган мақсадларга сарфланади;

Федерация мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади;

Қурултой чақириш тўғрисида қарор қабул қилади;

Федерация Кенгаши раҳбарлари ва аъзо ташкилотлар раҳбарларининг Федерация органлари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини тинглайди. Аъзо ташкилот томонидан Федерация Устави, Федерациянинг коллегиал органлари қарорлари бажарилмаган, аъзолик бадаллари ўз вақтида ва тўлиқ тўланмаган ҳолларда ушбу ташкилотга хизмат кўрсатишни тўхтатиш ва унинг вакилларини Федерациянинг коллегиал органлари мажлисларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилади, аъзо ташкилотнинг тегишли сайлаб қўйиладиган органларига айбдор шахсларни жавобгарлик масаласини ҳал этиш юзасидан мурожаат қилади;

Федерация Кенгаши Раёсатига, Федерация Кенгаши раисига алоҳида ваколатлар бера олади;

аъзо ташкилотларнинг касаба уюшмалари умумий вазифаларини бажариш борасидаги ҳаракатларини бирлаштиради ва мувофиқлаштиради, касаба уюшмаларининг республика миқёсидаги тадбирларини ўтказади;

қонунчиликда касаба уюшмаларига бериладиган ҳуқуқларни амалга оширади;

Федерация тизимида ягона ва марказлашган молиявий фаолияти тизимини белгилайди ва мувофиқлаштириб боради;

Республикада янги қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, Қурултой ўтказилгунга қадар Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати туғилганда, ушбу Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

Федерация Кенгаши Раёсатининг сон таркибини белгилайди ва сайлайди;

Қурултойлар оралиғида Федерация Кенгаши аъзоларини таркибдан чиқариш, сайлаш ва Федерация Кенгаши таркибига янги вакил этиб сайланган аъзоларнинг ваколатларини тасдиқлаш ҳуқуқига эга;

Федерациянинг халқаро фаолияти стратегиясини белгилайди, унинг бошқа, жумладан, халқаро касаба уюшмалари бирлашмаларига аъзо бўлиши ва улардан чиқиши тўғрисида қарорлар қабул қилади, Федерация ва аъзо ташкилотларнинг халқаро фаолиятини принципларини белгилайди ва мувофиқлаштириб туради;

касаба уюшмалари фаолияти йўналишлари бўйича комиссиялар тузади;

нашр органларига эга бўлади ва нашриётчилик фаолиятини олиб боради, ўз фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни хабардор қилади, касаба уюшмаларининг ягона ахборот хизматини ривожлантиради;

Федерация Кенгаши Раёсатининг Федерацияга янги аъзо ташкилотларни қабул қилиш ёки аъзоликдан чиқариш тўғрисидаги қарорларини тасдиқлайди, янги аъзо ташкилотни қабул қилиш Федерация Кенгаши Раёсати томонидан рад этилган ҳолларда мазкур ташкилотнинг аппеляциясини кўриб чиқади;

халқаро касаба уюшмалари марказлари таркибига Федерация вакилларини йўллайди;

Федерация Кенгаши раиси ўринбосарларини сайлайди ва лавозимидан озод қилади. Федерация Кенгаши раиси ўринбосарларини сайлаш масаласи кейинчалик Кенгаш мажлисида тасдиқлаш шарти билан Федерация Кенгаши Раёсати томонидан ҳал қилиниши ҳам мумкин;

айрим (шу жумладан, раис ўз ҳоҳишига кўра ёки бошқа ишга ўтганлиги, саломатлиги ёмонлашгани туфайли ўз вазифаларини бажара олмай қолган) ҳолларда Қурултойлар оралиғида Федерация Кенгаши раисини сайлайди ва лавозимидан озод қилади;

Қурултойлар оралиғидаги даврда Федерация раиси ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилган ҳолда, Қурултой ўтказилгунига қадар Федерация раиси вазифасини бажаришни унинг ўринбосарларидан бирига юклаш тўғрисида қарор қабул қилади;

ўз фаолиятида фақат Федерация Қурултойи олдида ҳисобдордир.

Федерация Кенгашининг қарорига биноан Федерация Кенгаши ихтиёридаги айрим ваколатлар Кенгаш Раёсатига берилиши мумкин.

5.3.5. Федерация Кенгашининг мажлислари Кенгаш Раёсати қарорига ёки Федерация Кенгаши аъзолари умумий сонининг камида учдан бир қисмининг талабига кўра чақирилади ва унда Федерация Кенгаши аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда тўла ҳуқуқли ҳисобланади.

5.3.6. Федерация Кенгаши қарорлари, агар ушбу Уставда бошқа ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, кворум мавжуд бўлган ҳолда мажлисда қатнашаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

5.3.7. Федерация Кенгаши қарорлари қарор, резолюция ва мурожаатномалар шаклида қабул қилинади.

5.3.8. Федерация Кенгаши мажлисларини Федерация Кенгаши раиси, у йўқ бўлган ҳолларда ўринбосарларидан бири олиб боради.

5.4. Федерация Кенгаши Раёсати

5.4.1. Федерация Кенгаши Раёсати Федерациянинг сайлаб қўйиладиган коллегиал ижроия органи ҳисобланиб, Федерация фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширади.

5.4.2. Федерация Кенгаши Раёсати таркибига лавозимига кўра Федерация раиси ва унинг Кенгаш бўйича ўринбосарлари киради. Федерация Кенгаши  Раёсатининг қолган аъзолари Федерация Кенгаши мажлисида Кенгаш аъзолари орасидан сайланади.

Кенгаш Раёсати мажлиси заруриятга қараб, аммо ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.

5.4.3. Федерация Кенгаши Раёсати ўз ваколати доирасида ҳаракат қилиб:

иш берувчиларнинг Республика бирлашмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан келишиб ижтимоий-иқтисодий сиёсат олиб боришнинг умумий принципларини белгилаш юзасидан Федерация номидан музокаралар олиб боради ва Бош келишувни тузади;

меҳнаткашларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларига доир масалаларни қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва фаолият олиб боради;

касаба уюшмалари томонидан мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идораси меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунларга риоя этишларини назорат қилиб бориш, аниқланган камчиликлар бартараф этилишини талаб қилишни ташкил этади ва мувофиқлаштириб боради;

аҳолининг бандлик даражасини таҳлил қилади, ишсизликни камайтириш, вақтинча ишсизларни ижтимоий ҳимоялашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва аниқ ишларни олиб боришда давлат органларига кўмаклашади;

ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишида иштирок этади, республика касаба уюшмалари ҳаракатига доир муҳим масалалар бўйича қарорлар, резолюциялар, баёнотлар, мурожаатномалар қабул қилади;

аъзо ташкилотлар томонидан илгари сурилган ҳимоя талабларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви, шунингдек, суд органларида қўллаб-қувватлайди, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш учун қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқларидан фойдаланади;

Федерация Кенгаши мажлисини чақиради, уни кун тартиби ва ўтказиш жойи юзасидан таклифлар киритади, муҳокама қилинаётган масалаларга оид материалларни тақдим этади, қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши ва назоратини ташкил қилади;

Федерацияга янги ташкилотларни аъзоликка қабул қилиш, шунингдек, аъзоликдан чиқариш масалаларини олдиндан кўриб чиқади ҳамда Федерация Кенгаши мажлисига тақдим қилади;

ўз ваколатлари доирасида аъзо ташкилотларнинг касаба уюшмаси фаолиятига тегишли барча йўналишлардаги ишларини ташкил қилади, йўналтиради ва мувофиқлаштиради, уларга амалий ёрдам беради;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва ташкилотлар билан биргаликда санаторий-курортларда даволашни, болаларни соғломлаштириш ва дам олдиришни, маданият, дам олиш, туризм, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини ривожлантириш чораларини кўради;

касаба уюшмаларининг санаторий-курорт, спорт, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш, маданий-маърифий муассасалари, шунингдек, қўшимча таълим муассасалари фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;

Федерация матбуот органининг нашриётчилик фаолиятини таъминлайди, бошқа нашрлар ва оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

Федерация Кенгашига Федерация Кенгаши раиси ўринбосарларини лавозимидан озод қилиш тўғрисида таклиф киритади, шунингдек, айрим (шу жумладан, лавозимидан озод этиш ҳақида ариза берган, саломатлиги туфайли ўз вазифаларини бажара олмай қолган) ҳолларда Кенгаш мажлислари оралиғида уларни лавозимидан озод қилади ва Федерация Кенгаши мажлиси тасдиғига киритади;

Федерация Кенгаши корхоналари ва Кенгаш аппарати бўлинмаларини ташкил этади, қайта ташкил этади, тугатади ва фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

қонун ҳужжатлари, мазкур Устав, Қурултой, Федерация Кенгаши қарорларида белгиланган доирада Федерация номидан унинг юридик сифатидаги шахс ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширади;

аъзо ташкилотлар тақдимига кўра касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларини Давлат мукофотлари билан мукофотлаш ҳақида илтимоснома киритади;

Федерация нишони, Фахрий ёрлиғи, Фахрий унвонларини таъсис этади ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Федерация Фахрий ёрлиғи, нишонлари, унвонлари билан тақдирлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

Федерацияга аъзо ташкилотларнинг сайлаб қўйиладиган раҳбарлик лавозимларига номзодларни таклиф қилиши мумкин;

касаба уюшмасига аъзолик билетининг ягона шаклини, шунингдек Федерация рамзий белгиси (тимсоли)нинг намунасини тасдиқлайди;

аъзо ташкилотлар билан алоқада бўлади, бошқа мамлакатларнинг касаба уюшмалари ташкилотлари, шунингдек халқаро ташкилотлар билан халқаро алоқаларни ривожлантиради, уларнинг иш тажрибасини ўрганади, шунингдек, ўз фаолиятини тарғиб қилади;

ҳар йили ўз фаолияти тўғрисида Федерация Кенгашига ахборот беради;

касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишлари бўйича, Федерация Кенгаши ваколатига кирадиган масалалардан ташқари услубий тавсиялар ишлаб чиқади;

Федерацияга аъзо ташкилотларнинг касаба уюшма кадрлари ва фаолларини ўқитиш борасидаги ишларини ташкил қилади, йўналтиради ва мувофиқлаштиради;

барча даражадаги касаба уюшмаси органлари аппаратлари, Федерация Кенгаши тасарруфидаги ташкилотлар ходимларини аттестациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади;

ҳар йили Федерация ва аъзо ташкилотларнинг мулки (бинолар ва иншоотлар) реестрини тасдиқлайди;

Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатларда белгиланган ваколатлари доирасида касаба уюшмалари мулкини тасарруф этиш тартибига оид қарорлар қабул қилади;

Федерация тизимида маданият, дам олиш, туризм, спорт ва бошқа объектларнинг қурилишида ягона буюртмачи сифатида иш кўради;

Федерация Кенгашининг касаба уюшмаси бюджетини, даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Федерация Кенгаши касаба уюшмаси бюджетининг бажарилиши тўғрисидаги ярим йил ва йиллик ҳисоботларни тасдиқлайди;

 ижтимоий суғурта бюджетини ва Федерация Кенгашининг ижтимоий суғурта бўйича даромадлар ва харажатлар сметасини ҳамда бюджетнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлайди;

касаба уюшмалари Республика, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари томонидан тақдим этилган даромадлар ва харажатлар сметаларини маъқуллайди;

Федерация Кенгаши тасарруфидаги муассаса, ташкилот ва корхоналарни ташкил этиш, бошқа мулк шаклига айлантириш, қайта ташкил қилиш, ижарага бериш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, уларнинг фаолиятини йўналтиради ва назорат қилади;

янги иш ўринлари яратиш мақсадида касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

мазкур Уставда кўзда тутилган мақсадларига эришиш учун ўзи таъсис қилган ташкилотлар, корхоналар орқали тадбиркорлик, капитал қурилиш фаолияти ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турдаги фаолиятларни олиб боради. Федерация Кенгаши томонидан олинган даромад фақат Федерациянинг Уставида белгиланган мақсадларга йўналтирилади;

Федерация Кенгашига мурожаат қилинган ҳолларда, ваколати доирасида Федерацияга аъзо ташкилотлар ўртасидаги низоларни ҳамда корхона, ташкилот, муассасаларга ҳомийлик ва молиявий ёрдамлар кўрсатиш масаласини кўриб чиқади;

касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида касаба уюшмаларини қайта ташкил этиш ёки бирлаштириш юзасидан аъзо ташкилотларга таклифлар киритади;

Федерация тизимида ҳисобот-сайлов кампанияларини ўтказиш муддатларини мувофиқлаштиради;

аъзо ташкилотлар томонидан Федерация Кенгашига ҳисоботлар топшириш тартибини, уларни тақдим этиш даврийлигини белгилайди;

иш режасига мувофиқ ёки заруриятга кўра, Федерация аъзо ташкилотлари ва тасарруфидаги ташкилотларнинг фаолияти ҳақидаги ахборотларни тинглайди;

Федерация Кенгаши аъзолари таркибидан касаба уюшмалари фаолияти йўналишлари бўйича вақтинчалик комиссиялар, ишчи гуруҳларни ташкил этиши мумкин;

Федерация Кенгаши аппаратининг иш режасини тасдиқлайди;

Қурултой, Федерация Кенгаши томонидан ваколат берилган бошқа вазифаларни бажаради;

Федерация Кенгаши раисига алоҳида ваколатлар бера олади.

5.5. Федерациянинг Назорат-тафтиш комиссияси.

5.5.1 Назорат-тафтиш комиссияси Федерациянинг назорат органи бўлиб, Федерация тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотлари, корхона ва муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, Федерация Устави, Қурултой, Кенгаш, Кенгаш Раёсати қарорлари  ва тизимда амалда бўлган бошқа (шу жумладан, молиявий интизомга оид) тартиб ва меъёрларга риоя этилиши, мулкдан самарали фойдаланилишини текширади, тафтишдан ўтказади ва назорат қилади.

Федерация Кенгашини икки йилда камида бир марта, аъзо ва тасарруфдаги ташкилотлар фаолиятини режага асосан тафтишдан ўтказади.

Комиссия ўз фаолиятида мустақил бўлиб, Қурултой олдида ҳисобдордир.

5.5.2. Назорат-тафтиш комиссияси Федерация Кенгаши шакллантириладиган тартибда ва унинг ваколат муддатига Қурултойда сайланади. Назорат-тафтиш комиссиясининг фаолияти Қурултой қарорига кўра ёки Федерациянинг фаолияти тўхтатилган тақдирда тўхтатилади.

5.5.3. Ўз фаолиятида Мазкур Устав ва Қурултой томонидан тасдиқланадиган Назорат-тафтиш комиссияси ҳақидаги Низомга амал қилади.

5.6. Федерация раиси Федерацияга бошчилик қилади, бир вақтнинг ўзида Федерация Кенгаши ва Кенгаш Раёсати раиси ҳам ҳисобланади.

5.7. Федерация Кенгаши раиси:

Устав вазифалари, Қурултой, Федерация Кенгаши, Кенгаш Раёсати қарорларининг бажарилишини ташкил қилиш юзасидан фаолият кўрсатади;

Қурултой, Федерация Кенгаши ва Кенгаш Раёсати олдида ҳисобдордир;

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти органларида, ўзини ўзи бошқариш органларида, иш берувчилар, жамоат бирлашмаларида, бошқа ташкилотларда, оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда Федерациянинг вакили сифатида қатнашади;

ишончномасиз Федерация номидан иш кўради;

Федерация Кенгаши раиси ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Федерация Кенгаши ва Назорат-тафтиш комиссиясининг қўшма мажлисларини ўтказади;

касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишлари бўйича ишларни таҳлил қилади ва умумлаштиради;

зарур ҳолларда Федерация Кенгаши номидан баёнотлар беради, мурожаатнома ва тақдимномалар юборади;

меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва экспертизадан ўтказишда Федерация Кенгашининг иштирокини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва иш берувчилар бирлашмалари билан ўзаро муносабатлар ҳақида келишувлар тузади, кейинчалик бу ҳақда Федерация Кенгаши Раёсатини хабардор қилади;

Федерация мулкини тасарруф этади, Қурултой, Федерация Кенгаши ва Кенгаш Раёсати томонидан берилган ваколатлар доирасида бошқа ташкилий бошқарув, маъмурий-хўжалик ишларига оид функцияларни амалга оширади;

касаба уюшмаси бюджетининг, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга, маънавият ва жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган маблағлар жорий ижросини, шунингдек, Федерация Кенгашининг молиявий хўжалик фаолиятини таъминлайди;

ягона ижтимоий тўловлардан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга йўналтирилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланишни назорат қилади;

Федерация Кенгаши раиси ўринбосарларини сайлаш ёки лавозимидан озод этиш бўйича Федерация Кенгашига таклифлар киритади;

Федерация Кенгаши аппаратининг тузилмасини, штатлар жадвалини, бўлимлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлайди, Федерация Кенгаши аппарати тузилмавий бўлинмалари ходимлари ва раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади, уларнинг вазифаларини белгилайди, уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллайди;

Федерация Кенгаши томонидан таъсис этилган корхона, муассаса ва ташкилотларга умумий раҳбарликни амалга оширади, уларнинг раҳбарлари  билан меҳнат шартномаси тузади ва бекор қилади, уларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарлиги масаласини ҳал этади;

чет эл хизмат сафарига борадиганлар номзодларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

мазкур Уставда белгиланган ваколати доирасида фармойишлар чиқаради;

Федерация Кенгаши номидан ишончнома беради;

Раёсатни чақиради, муҳокама қилинадиган масалалар юзасидан мажлисга материаллар тайёрланишини ташкиллаштиради, Раёсат мажлисига масалаларни киритади, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлайди ва назорат қилади;

Федерация Кенгаши ва Кенгаш Раёсати қарорларини имзолайди;

Федерация Кенгаши номидан хўжалик шартномалари ва бошқа шартномаларни тузади;

Қурултой, Федерация Кенгаши ва Кенгаш Раёсати ваколат берган бошқа вазифаларни бажаради.

5.8. Федерация раиси этиб Федерацияга кирган касаба уюшмаси аъзоси сайланиши мумкин. Федерация Кенгаши раиси Қурултой томонидан 5 йил муддатга сайланади. Федерация раиси билан меҳнат шартномасини Федерация номидан Қурултой ваколат берган шахс имзолайди.

5.9. Қурултойлар оралиғида навбатдан ташқари Қурултойни чақириш ва унда кўриб чиқиш учун қонунчиликда белгиланган асосларга кўра, жумладан, мазкур Устав, Қурултой ва Кенгаш қарорларини бузган ҳолларда, Федерация Кенгаши раисининг ваколатини белгиланган муддатдан илгари тўхтатиш ва лавозимдан озод этиш тўғрисида масала киритиш ҳақидаги қарор аъзо ташкилотларнинг камида учдан икки қисмининг талабига кўра, Федерация Кенгашининг мажлисида қабул қилиниши мумкин.

5.10. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги ташкилотлар Федерация Кенгаши Раёсати қарорига асосан тузилади.

Тасарруфдаги ташкилотлар мазкур Устав, Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ўз таъсис ҳужжатлари асосида фаолият юритадилар.

 6. ФЕДЕРАЦИЯ ҚУРУЛТОЙЛАРИ, ҲУДУДИЙ БИРЛАШМАЛАР КОНФЕРЕНЦИЯЛАРИ, САЙЛАБ ҚЎЙИЛАДИГАН ОРГАНЛАР МАЖЛИСЛАРИНИНГ ТЎЛА ҚОНУНИЙ ҲУҚУҚЛИ БЎЛИШИ,
УЛАРДА ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ

6.1. Федерация Қурултойлари, ҳудудий бирлашмалар конференциялари уларга сайланган делегатлар умумий сонининг учдан икки қисми иштирок этгандагина тўла қонуний ҳуқуқли ҳисобланади.

Федерация Қурултойи делегатларининг ваколатлари Федерация Кенгаши Раёсати, ҳудудий бирлашма конференцияси делегатларининг ваколатлари бирлашма кенгаши раёсати томонидан тасдиқланади.

6.2. Федерация Кенгаши, бирлашма кенгаши  ва уларнинг раёсатлари мажлислари мазкур сайлаб қўйиладиган органлар аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда тўла қонуний ҳуқуқли ҳисобланади.

6.3. Федерация Қурултойи, ҳудудий бирлашма конференцияси, Федерация Кенгаши ва унинг Раёсати, ҳудудий бирлашма кенгаши ва унинг раёсати мажлислари кворум мавжуд бўлгани ҳолда уларда қатнашаётган делегатлар, сайлаб қўйиладиган органлар аъзоларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берганда қабул қилинган ҳисобланади.

6.4. Овоз бериш шакли Қурултой, конференция делегатлари, сайлаб қўйиладиган орган аъзолари томонидан бедгиланади.

6.5. Қурултой, конференция, сайлаб қўйиладиган орган мажлисларида муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинади ва якуни бўйича баённомалар расмийлаштирилади.

7. МУЛК ВА МАБЛАҒЛАР

7.1. Федерациянинг мулки ва маблағлари аъзоларнинг кириш ва доимий аъзолик бадалларидан, қонунларда белгиланган тартибда тадбиркорлик, хўжалик ва бошқа тижорат фаолиятидан олинган, устав мақсадларига йўналтирилувчи даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий мулкий бадаллари ва эҳсонлари, қонунларда тақиқланмаган бошқа тушумлардан шакллантирилади.

Федерацияга аъзолик бадалининг миқдори, тўлаш ва сарфлаш тартиби Федерация Кенгаши томонидан белгиланади.

7.2. Касаба уюшмаларига кириш ва аъзолик бадаллари ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар (стипендия)нинг камида бир фоизи миқдорида Федерация Кенгаши билан келишилган ҳолда белгиланади.

Касаба уюшмасида ҳисобда турган ишламайдиган пенсионерлар республикада белгиланган ёшга доир энг кам пенсиянинг, ишни вақтинча тўхтатган шахслар меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткасининг биринчи разрядига нисбатан ҳисобланган иш ҳақининг бир фоизи миқдорида бадал тўлайдилар, стипендия олмайдиган талабалар, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчилари, уч ёшгача боласини парваришлаш билан банд бўлган аёллар аъзолик бадали тўлашдан озод этиладилар.

Касаба уюшмалари аъзолари бўлган деҳқон хўжаликлари эгалари, якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган шахслар аъзолик бадалларини йилда бир марта, улар томонидан декларацияда кўрсатилган сумманинг камида бир фоизи миқдорида тўлашлари мумкин.

7.3. Касаба уюшмалари ўз маблағларини тасдиқланган бюджетга мувофиқ амалдаги қонунчилик доирасида Устав мақсадларига сарфлайдилар.

7.4. Қўшимча молиявий маблағларни ишлаб топиш ва келгусида улардан касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қўшимча иш ўринлари яратиш учун фойдаланиш мақсадида касаба уюшмалари белгиланган тартибда ишлаб чиқариш-хўжалик, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишлари, банклар, суғурта компаниялари ва акциядорлик жамиятлари, ўзига тегишли ва қўшма корхоналарни яратишлари, мақсадли жамғармаларни шакллантиришлари мумкин. Бу фаолиятдан тушган даромад Устав мақсадларига сарфланади.

7.5. Федерация Кенгаши касаба уюшмалари манфаати йўлида яратилган ёки сотиб олинган, шунингдек, белгиланган тартибда унга бошқа мулкий ҳуқуқ асосида берилган мол-мулкка эгалик қилади, ундан фойдаланади ва тасарруф этади.

Федерация мулки объектларига бинолар, иншоотлар, ер участкалари, механизмлар, жиҳозлар, транспорт ва техник воситалар, инвентарь, маданий-маърифий, жисмоний тарбия, спорт ва соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган мулк, пул маблағлари, қимматбаҳо қоғозлар, корхоналар ва хўжаликлар, оммавий ахборот воситалари, босмахоналар, санаторий-курорт, дам олиш уйи, соғломлаштириш, спорт, ўқув муассасалари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, интеллектуал мулк, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа мол-мулклар киради.

Федерация Кенгаши тасарруфидаги ташкилотлар Федерация мулкини акциядорлик жамиятларига айлантириш, сотиш масалаларини ҳал қилишда фақат Федерация Кенгаши Раёсатининг рухсати билан иш кўрадилар.

7.6. Федерация Кенгаши мулкни ишончли бошқарув учун бошқа шахсга (ишончли бошқарувчига) бериши мумкин. Мулкнинг ишончли бошқарувга берилиши ишончли бошқарувчига унга эгалик қилиш ҳуқуқини бермайди, у Федерация манфаатларини ҳисобга олиб мулкни бошқариши керак.

7.7. Федерация Кенгаши хоҳишига кўра мулкга нисбатан қонунга ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни амалга оширишга, жумладан, ҳомийлик ва молиявий ёрдам маблағларини ажратишга, ўз мулкини ажратиб беришга, мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсларга беришга, мулкни гаровга қўйишга, ундан бошқача тарзда фойдаланишга ҳақли.

7.8. Федерация мулки ҳисобланган ёки унинг ишончли бошқарувида, беғараз фойдаланишида ёки бошқа мулкий ҳуқуқ асосида унинг фойдаланишида бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, Федерация томонидан мол-мулкни сотиб олиш ва бошқалар ихтиёрига ажратиб бериш, ўтказиш, вақтинча фойдаланишга бериш масаласи бўйича қарорни Федерация Кенгаши қабул қилади.

7.9. Федерация аъзо ташкилотларнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, аъзо ташкилотлар ҳам Федерациянинг мажбуриятлари бўйича жавобгар эмас.

7.10. Маблағлар ҳар йили Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида сарфланади.

7.11. Федерация молиявий фаолиятининг мустақиллиги, мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги ва ҳимояси Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан кафолатланади.

Федерациянинг мол-мулки унинг розилигисиз фақатгина суд қарорига биноан олиб қўйилиши мумкин.

8. ФЕДЕРАЦИЯДА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ

8.1. Касаба уюшмалари органларининг меҳнат шартномаси тузиш йўли билан лавозимга қабул қилинган ходимлари билан меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари,  жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.

8.2. Федерация Кенгаши аппарати Федерация сайланма органларининг фаолиятини таъминлаш учун тузилади ва ўз фаолиятини Кенгаш Раёсати томонидан тасдиқланган регламент асосида амалга оширади.

8.3. Сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган ходимлар билан ваколат муддатига меҳнат шартномалари (контрактлар) тузилади. Меҳнат шартномаси тегишли сайлаган орган ваколат берган шахс томонидан имзоланади.

8.4. Штатдаги касаба уюшмаси ходимларининг шахсий ҳужжатлари йиғмажилди ва меҳнат дафтарчалари ходимлар билан меҳнат шартномаси (контракт) тузган касаба уюшмаси ташкилотида сақланади.

 9. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ

9.1. Федерация ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

 10. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ

10.1. Федерация юридик шахс ҳисобланиб, ўз муҳри, штамп ва бланклари, банкларда ўз ҳисоб рақамларига (шу жумладан миллий ва хорижий валютада) эга.

Федерация белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ўз рамзлари (тимсоли)га эга бўлишлари мумкин.

10.2 Федерациянинг юридик шахс сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари Уставда белгиланган ваколатлар доирасида Қурултой, Кенгаш, Раёсат ва Федерация раиси томонидан амалга оширилади.

 11. ФЕДЕРАЦИЯНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА
ТУГАТИШ ТАРТИБИ

11.1. Федерацияни қайта ташкил этиш, (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) ёки тугатиш тўғрисидаги қарор Федерациянинг Қурултойида қабул қилинади. Кворум мавжуд бўлган ҳолда Қурултойда қатнашаётган делегатларнинг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берганда, қарор қабул қилинган ҳисобланади.

Федерацияни қайта ташкил этиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

11.2. Федерацияни тугатиш ҳақида Қурултой томонидан қарор қабул қилинган тақдирда, Федерация Қурултойи қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш комиссиясини тайинлайди, шунингдек, кредиторлар талаби қаноатлантирилгандан сўнг қолган мулкни Федерация Уставига мувофиқ қайси мақсадга йўналтиришни белгилайди.

11.3. Федерация фаолиятини тўхтатиш, шунингдек, Федерацияни тугатиш  Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда суд томонидан амалга оширилиши мумкин.

 12. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

12.1. Устав қоидалари талқинини бериш Федерация Кенгашининг, унинг мажлислари оралиғида Кенгаш Раёсатининг мутлақ ваколатига киради.

12.2. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Уставнинг 5.2.5 ва
5.3.4-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Уставга киритилган барча ўзгартиш ва қўшимчалар белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.

12.3. Барча бўғиндаги касаба уюшмалари ташкилотлари ўз фаолиятида Федерация Устави ва касаба уюшмалари Уставлари ҳамда тегишли Низомларга амал қилади.

Print Friendly, PDF & Email