Юртимизга фасллар келинчаги – баҳор ҳам кириб келди. Бутун атрофда янгиланиш ва ёшариш, уйғониш ва гўзаллик ҳукмрон. Табиатдаги бу ўзгаришлар одамлар руҳиятида намоён. Табиатни қайта уйғотаётган зумрад баҳорни нозик қалб эгаллари бўлмиш аёлларга қиёслашади. Баҳор ва аёл тушунчалари бир-бирини боғлаб туришига яна амин бўлмоқдамиз.
Аёл – миллатнинг кўрки ҳисобланади. Агар аёлдаги табиий гўзаллик ёнига нафосату, назокат, ижтимоий фаоллик, атрофдаги қайноқ ҳаётдан боҳабарлик, ораста ва оқилалик, билим ҳамда камолот қўшилса, шубҳасиз у бутун жамиятнинг бойлигига айланади.
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимидаги корхона ва ташкилотларда самарали фаолият юритаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни эъзозлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшаётган фаол хотин-қизларни рағбатлантириш ҳамда 8 Март – Халқаро хотин-қизлар куни байрамини кенг нишонлаш мақсадида Республика Кенгаши мутахассислари томонидан “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси” мавзусида семинар ўтказилди.
Мазкур семинарда тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг Хотин-қизлар комиссияси ва касаба уюшма қўмита раислари ҳамда фаоллари иштирок этдилар.
Ушбу семинардан асосий мақсад – бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг Хотин-қизлар комиссияси фаолиятини кучайтиришдир.
Таъкидлаш зарурки, семинар иштирокчилари “Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган янги Меҳнат кодекси”, корхона ва ташкилотларда ишловчи хотин-қизлар учун жамоа шартномалари орқали белгиланган имтиёзлар ҳамда аёлларга хавфсиз ва қулай меҳнат шароитини яратишда меҳнат муҳофазаси қоидалари тўғрисидаги маърузаларни қизиқиш билан тингладилар.
Семинар якунида эшитилган маърузалар юзасидан тренинг ўйинлар ўтказилиб, унда барча иштирокчилар фаол қатнашишди.
Шунингдек, тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ўз касбининг фидойилари бўлган илғор хотин-қизлар учун байрам тадбири ташкиллаштирилиб, эсдалик совғалари ва гулдасталар билан тақдирландилар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: