Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятида касаба уюшма қўмитасининг ҳисобот-сайлов Конференцияси ўтказилди. Унда 2015 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда жамоа шартномаси орқали амалга оширилган ишлар бажарилиши бўйича ҳисобот берилди.
Ҳисобот-сайлов Конференциясида “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятининг бошқарув раиси Сайдаҳмедов Ҳотам Анварович, Тармоқ Республика кенгаши раиси Халилова Мавжуда Ҳамдавмона, 550 нафар делегат ва 50 нафар таклиф этилганлар иштирок этди.
Музокара давомида сўзга чиққанлар шамоа шартномасининг бажарилиши юзасидан аъзолар олдида ҳисобот бердилар. Хусусан, корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси Б.Абдуллаев ўз маърузасида сўнгги йилларда ишчи ва хизматчиларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий, меҳнат муҳофазаси, маданий-маърифий йўналишларда олиб борилаётган ишлар мазмунан ва шаклан такомиллаштирилганлигини ва бу жараён давом этаётганлигини, меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар, ёшлар, болаларни манзилли қўллаб-қувватлаш таъминланганлигини, шу билан бирга, меҳнакашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, бу орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш, туризмни йўлга қўйиш йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигини айтиб ўтди.
Тармоқ Республика кенгаши раиси М.Халилова сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуни ҳақида ва давлатимиз томонидан хотин-қизлар ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тармоқ Республика кенгаши томонидан олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусида амалга ошириш лозим бўлган вазифалар ҳақида нутқ сўзлади.
Йиғилиш сўнггида асосий масалалардан бири бўлган корхона касаба уюшмаси раислигига қўйилган номзодлар орасидан делагатларнинг овоз бериш ҳуқуқи орқали сайлов ўтказиш бўлди. Сайлов натижаларига кўра кўпчилик овоз билан Б.Абдуллаев номзоди муносиб деб топилди ва келгуси беш йилга сайланди.
Ҳисобот-сайловда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: