Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган касаба уюшма ёшларининг “ТЕМП-2019” Тошкент Халқаро форуми 22-27 июнь кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Чарос” меҳмонхонасида тантанали очилди. Форумда 20 та давлатдан 120 нафарга яқин ёшлар ва Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида фаолият юритаёган фаол ёшлар иштирок этдилар.
“ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми ўз ишида “Мамлакат ижтимоий ривожланишида касаба уюшмалари ёшларининг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуидаги халқаро конференция ўтказилди.
Халқаро конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков — Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиши, уларнинг бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида, ижтимоий-иқтисодий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этаётгани, энг замонавий рақамли технологиялар асосида илмий-техникавий ривожлантириш жараёнида ўзига хос ютуқларни қўлга киритаётганларини, бунинг учун мамлакатимизда давлатимиз томонидан ёшларга барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилганлигини алоҳида таъкидлади.
Президентимиз томонидан ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг ёшлар интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳамда уларнинг амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга, ватан тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатларга дахлдорлигини оширишга қаратилганлиги эътироф этилди. Бу борада олиб борилаётган тизимли ишлар халқаро ташкилотлар экспертлари ва хорижлик иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.
Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми ишини “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар” мавзуидаги Давра суҳбати давом эттирди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ёшлари иштирок этдилар.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатида Ёшлар иттифоқининг мақсад ва вазифаларини мисоллар билан тушунтирган бўлса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев иқтисодиёт тармоқлари истиқболли талаблари асосида ёшларни профессионал тайёрлаш бўйича меҳнат бозорида амалга оширилаётган фаол чоралар ҳақида маълумот берди. Конференция доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси бош котиби Владимир Шербаковнинг форум иштирокчиларига йўллаган Мурожаатини ўқиб эшиттирди. Анжуманда Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Александр Шершуков ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти эксперти Канае Тада сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларни ривожлантиришда пешқадам бўлаётгани, бунда касаба уюшмаларининг ўзига хос ўрни борлигини эътироф этишди.
Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси миллий котиби Чжан Маохуа Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси ёшлар сиёсати доирасида «Бир макон, бир йўл» ташаббусини амалга оширишда касаба уюшмаларининг роли ва ўрни мавзусида маъруза қилди. Конференция давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўлди.
Касаба уюшма ёшларининг роли ҳақида Латвия, Қозоғистон, Беларусь, Тожикистон ва бошқа иштирокчи давлатлар вакилларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Шундан сўнг конференция иши учта секцияга бўлинган ҳолда давом этди. Ёшларни тарбиялаш, уларга таълим бериш, ёшлар ва аёллар бандлигини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси, Ёшлар ва касаба уюшмалари, Ёшларни иш билан таъминлаш муаммолари мавзуларидаги семинар-тренинглар қизғин руҳда ўтди. Халқаро экспертлар ва хорижлик иштирокчилар Президентимизнинг ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурган 5 та муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган тизимли ишларни юқори баҳолашди.
Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форумининг ишини “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар” мавзуидаги Давра суҳбати давом эттирди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ёшлари иштирок этдилар.
Давра суҳбати доирасида Касаба уюшмалари фаолиятида инновацион технологияларни қўллаш, Касаба уюшмалари ёшларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини шакллантириш, Омма олдида сўзга чиқиш ва иш берувчилар билан мулоқот қилиш қобилиятини ривожлантириш мавзуларидаги маҳорат дарслари ўтказилди.
Шундан сўнг Халқаро Форум иштирокчиларини Бўстонлиқ туманининг сўлим табиати ва бетакрор манзаралари билан таништириш мақсадида ҳудуд бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва рассомчилик кўргазмалари билан танишиб, санъат асарларидан баҳра олдилар. Миллий таомлар тайёрланиши а уларнинг намойиши анжуман иштирокчиларида унутилмас бой таассурортлар қолдирди. Барча иштирокчилар “Plov-party”да қатнашдилар. Улар учун маданий тадбир ҳам ташкил этилди.
27 июнь куни Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форумининг иштирокчилари пойтахтимиздаги “Мустақиллик ва эзгулик монументи” пойига гул қўйдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон тарихи, Амир Темур, Алоқа тарихи музейларига саёҳатлар уюштирилиб, мамлакатимизнинг бой тарихи ва миллий анъаналари билан яқиндан танишдилар.
Куннинг иккинчи ярмида анжуман иштирокчилари Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамда ушбу таълим муассасасидаги Ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотлар технологик парки бўлмиш “Технопарк”га ташриф буюрдилар.
“Имзо”, “Артел” ва “Краферс” корхоналарига ташриф чоғида иштирокчилар мазкур меҳнат жамоаларида ёш мутахассислар учун яратилган муносиб меҳнат шароитлари, давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг самарали ижтимоий шериклиги натижасида ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида эришилаётган ижобий натижалар, ушбу корхоналардаги бошланғич касаба уюшма қўмиталари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Кун якунида иштирокчилар учун Алишер Навоий номидаги опера ва балет катта театрида ёш санъат намоёндалари ва санъат усталари иштирокидаги концерт дастури намойиш қилинди.
Бир неча кун давом этган Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми иштирокчиларда Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, барча соҳаларда уларга яратилаётган зарур шарт-шароитлар, ёшлар ижтимоий ҳимоясини таъминлашда юртимиз касаба уюшмаларининг тутган ўрни, қолаверса, Ватанимизнинг кўҳна ўтмиши ва бой маданияти ҳақида ёрқин тасаввур уйғотиши билан жиддий аҳамият касб этишига шубҳа йўқ.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: