“Ҳаёт” бадиий фильми ижодкорлари билан ижодий учрашув ўтказилди

Бош саҳифа

Тармоқ тизимидаги “Аммофос-Максам” АЖда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга бағишланган ватанпарварлик ойлиги доирасида  корхона тасарруфидаги “Кимёгар” маданият марказида ижодий учрашув бўлиб ўтди.

 

Тадбирда режиссёр Ҳилол Насимов ва бошқа ижодкорлар иштирок этдилар. Ижодий учрашув Ҳилол Насимов томонидан суратга олинган “Ҳаёт” бадиий фильмида кўтарилган мавзу ва унинг мазмун-моҳияти, Ватанпарварлик масаласига қаратилди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига кўра, “Ватан” киностудияси томонидан Зулфия Юнусова ҳамда Иқбол Мирзо сценарийси асосида Ҳилол Насимов режиссёрлигида суратга олинган “Ҳаёт” бадиий фильмида 2000 йилнинг август ойида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида юртимиз чегараларини бузиб кирган, осуда ҳаётимизга рахна солмоқчи бўлган ҳокимиятпараст мутаассибларга қарши мардона жанг қилиб, Ватанимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб, унинг тинчлиги ва озодлиги йўлида ўз жонини фидо қилиб ҳалок бўлган ватандошларимиз, уларнинг яқинлари, ота-оналари, севикли ёрлари, дўсту биродарлари қисмати мазкур кинокартинада  таниқли актёрлар ансамбли яратган образлар орқали тўлақонли равишда очиб берилган. Учрашув давомида Ҳилол Насимов, фильмда иштирок этган актёрлар, корхона ёшлари ва корхона тасарруфидаги касб-ҳунар коллежи талабалари ўртасида давра суҳбати ўтказилди. Тадбир иштирокчилари режиссёр ва актёрлардан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Шундан сўнг “Ҳаёт” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Тадбир сўнгида барча иштирокчилар “Ҳаёт” фильмига ҳисса қўшган ижодкорларни қарсаклар билан қутлашди ва кейинги ижодий фаолиятларига самимий тилаклар билдирдилар.

Print Friendly, PDF & Email