Тармоқ тизимидаги “Maxam-Chirchiq” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси томонидан касаба уюшмаси фаоллари учун икки кунлик ўқув семинари ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг асосий мақсадаларидан бири “Бошланғич ташкилот — касаба уюшмаси ҳаракатининг асоси” шиори остида бошланғич касаба уюшмалари фаолларининг малакасини ошириш орқали касаба уюшмалари органларига фаол ва тажрибали кадрларни тайёрлаб боришдан иборат. Айни шу мақсадда «Maxam-Chirchiq» АЖ касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ўтказилган семинар-тренинг касаба уюшмаси фаолларида ташаббускорликни қўллаб-қувватлаш ва билим даражаларини оширишга ҳамда ривожлантиришга қаратилгандир.
Семинарни жамиятнинг касаба уюшмаси қўмитаси раиси Б.Абдуллаев очиб берди ва “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, у Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил гапириб ўтди.
Семинар-тренингнинг биринчи кунида психолог Л. Қосимходжаева томонидан “Цех қўмитаси раиси — ишчилар билан цех бошлиғи ўртасидаги ўзаро боғловчи” ва “Бўлиши мумкин бўлган низолар ва уларни хал этиш йўллари” мавзуларида психологик тренинглар ўтказди. Шунингдек, цех касаба уюшмаси қўмитаси раисларининг кундалик иш фаолиятини тўғри ташкил этиш юзасидан амалий машғулот ташкил этилди.
Семинар иштирокчилари гуруҳларга бўлиниб тренерлар томонидан топширилган масалаларни гуруҳ бўлиб бажаришга ҳаракат қилдилар. Бу ўз навбатида уларда касаба уюшмаси фаолиятини олиб боришда жамоа билан ишлаш кўникмасини хосил қилди.
Семинарнинг иккинчи куни «Maxam-Chirchiq» АЖнинг ҳуқуқий бўлим мудири А.Т. Қорақўзиев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ҳақида маъруза қилди. У “Ички меҳнат тартиби қоидалари” мавзусида атрофлича сўз юритди. Маърузачи семинарни иштирокчилар билан интерактив тарзда ўзаро қизғин савол-жавоблар усулида ўтказди.
Икки кун давомида семинар-тренинг иштирокчилари ўртасида касаба уюшмаси фаолиятига доир турли интеллектуал ва ижодий танловлар ўтказилди. Энг муҳими иштиркочилар ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини эркин баён этишга ҳаракат қилдилар. Семинар якунида фаол иштирокчиларни рағбатлантириш мақсадида эсдалик совғалари топширилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: