Жамоа шартномалари бажарилиши назоратда

Бош саҳифа

   Бугунги кунда тармоқ тизимида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кенг доирадаги масалалар ўз ечимини топмоқда. Бу нафақат меҳнат муносабатларини самарали бошқариш, балки меҳнат шароитини баҳолаш, шунингдек, меҳнат жамоаларида ҳамжиҳат бўлиб ишлаш имконини бермоқда. Бу борада “Навоийазот”, “Аммофос-Максам”, “Фарғонаазот”, “Максам Чирчиқ” АЖлари, “Қўнғирот сода заводи” УК, “Деҳқонобод калий заводи” МЧЖларида ва бошқа корхоналарда олиб борилаётган ибратли ишлар таҳсинга лойиқ.

   Жамоа шартномаларининг ижтимоий йўналтирилган таркибий қисми кучайтирилиши натижасида, уларда кўзда тутилган тадбирларни бажариш учун ҳар бир ходимга ўрта ҳисобда сарфланган маблағ йилдан йилга ортиб бормоқда.

 Мамлакатимизда ҳар йили аҳоли фаровонлигини мустаҳкамлаш, халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш, инсон манфаатларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали турмуш даражасини ошириш каби долзарб вазифаларни ўз ичига олган қатор дастурлар татбиқ этилишида касаба уюшмалари бевосита иштирок этиб, ушбу дастурлар ижросини таъминлашда асосий эътибор ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, кўп болали оилалар, аёллар ва ёшлар, кексалар ва ёлғиз қариялар манфаатларини ифодалашга қаратилиб келинмоқда.

   Жумладан, “Навоийазот” АЖда жамоа шартномасининг 2017 йилда бажарилиши бўйича конференция бўлиб ўтди. Конференцияда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Мавжуда Хамдамовна Халилова, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Тўйчиев Дўстмурод Тўйчиевич, Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Тоғаева Назира Маманазаровналар қатнашдилар.

       

   Жамоа шартномасининг 2017 йилда бажарилиши юзасидан “Навоийазот” АЖ бошқарув раиси Шарипов Баходир Мавлонович ва касаба уюшма қўмитаси раиси Рўзимуродов Тўлқин Сиддиқовичлар ҳисоботлар бердилар. Маълумотларда қўшимча имтиёзлар олаётган ходимлар ҳамда оилаларнинг сони, уларга имтиёзлар бериш учун сарфланаётган маблағ миқдори йилдан-йилга ортиб бориши, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқий ҳимоя қилиниши, Тармоқ (тариф) келишуви ва Жамоа шартномасида иш берувчи томонидан олинган мажбуриятларни бажарилишига алоҳида эътибор қаратилди.

   Жамоа шартномасининг бажарилиши бўйича конференцияга йиғилганлар иштирокида конференция кун тартибига киритилган масалалар қизғин муҳокама қилиниб, 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан жамоа шартномасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Print Friendly, PDF & Email