Ислоҳотларни рўёбга чиқаришда ёшларнинг ўрни ва роли жуда муҳим

Бош саҳифа

    Бугунги кунда Ўзбекистонда тарихий ўзгаришлар, таъбир жоиз бўлса, илгари мисли кўрилмаган ислоҳотлар жараёни кечмоқда. Жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад – “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган олижаноб тамойил устувор бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдир. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал ривожлантириш учун шароит яратиш, барча соҳаларни модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек мақсадларга хизмат қилмоқда.

    “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Дастур асосида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимидаги корхона ва ташкилотларда давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилмоқда. Жумладан, тармоқ тизимидаги “Андижон биокимё  заводи” АЖда ёшлар орасида ўқув-семинар бўлиб ўтди.  Семинарда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшаси Республика Кенгашининг мутахассислари ўз маърузалари билан қатнашдилар.

 

    Унда ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган қатор омиллар, айниқса, имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар билан олиб борилаётган ишлар, амалга оширилаётган лойиҳалар асосан фаол ёшлар иштироки билан чегараланиб қолмаслиги ҳақида гапирилди. Шу билан бирга, мулоқот жараёнида республикамизда меҳнат муносабатларини тартибга соладиган асосий ҳужжат – Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва унга мувофиқ тузиладиган корхонанинг жамоа шартномаси, ички меҳнат тартиби қоидаларига тўхталиб ўтилди.

 –  “Андижон биокимё заводи” АЖда меҳнат қилаётган ишчиларнинг аксарияти ёшлар бўлиб, бу ёшларнинг кўпчилиги ўз соҳасининг ҳақиқий мутахассисларидир.  Ёшлар меҳнат фаолияти давомида юқори лавозимга кўтарилиши учун барча имкониятни яратиб бериш, ёшларни масъулиятли лавозимлар заҳирасига киритиш, қўрқмасдан раҳбарлик лавозимига таклиф этиш зарур. Замонавий фикрлайдиган ва шижоатли ёш раҳбарларни тарбиялаш, уларга тажриба ўргатиш, энг муҳими, ислоҳотлар фалсафасини онгига сингдириш соҳа келажаги қандай бўлишини таъминлайдиган муҳим омилдир. Бугун корхонада меҳнат қилаётган ҳар бир ёш, биринчи навбатда, амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар беришига ишонади. Шундай экан, бўлажак раҳбарларга нафақат замонавий техника ва технологияларни бошқаришни ўргатиш, балки уларни одамлар билан мулоқот қилиш, ишчиларга меҳнат ва дам олиши учун муносиб шароит яратиш йўлида доимо қайғурадиган, халқ дарду ташвиши билан яшайдиган инсонлар қилиб тарбиялашимиз зарур,- дейди “Андижон биокимё заводи” АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Санжар Қодиров.

    Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишиб, мутахассислар томонидан батафсил жавоб олдилар.

Print Friendly, PDF & Email