Савол: Жамоа шартномасида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишни касаба уюшма қўмитаси билан олдиндан келишиб олиш назарда тутилган бўлса, ишлаётган пенсионер билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинаётганда касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш керакми?
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга эмас, лекин имтиёзли шартларда пенсия олиб ишлаётган ходимларни Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-бандига асосан ишдан бўшатиш мумкинми?
Қандай тоифадаги пенсия ёшидаги ходимлар билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиб бўлмайди?
Навоий ш., Т.Рўзимуродов.
Жавоб: Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-бандига асосан ходим пенсия ёшига тўлганда ва қонун хужжатларига асосан ёшга доир давлат пенсиясини олиш хуқуқи мавжуд бўлганда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйилади.
Ходимни иш берувчининг ташаббуси билан 100-модда 2-қисм 7-банди асосида ишдан бўшатиш учун иккита ҳолат яъни:
- пенсия ёшига етган бўлиши;
- пенсия олиш ҳуқуқи мавжуд бўлиши лозим.
Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги Қонунининг 7-моддасида ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:
эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлиши белгиланган.
Таъкидланган қонун талабларига кўра имтиёзли шартларда пенсия тайинланган ходимларни умумий белгиланган ёшга (эркаклар 60, аёллар 55 ёшга) тўлгунига қадар юқоридаги асос билан ишдан бўшатилишига йўл қўйилмайди.
Тармоқ келишувида ёки жамоа шартномасида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиниши касаба уюшма қўмитасининг олдиндан розилиги олиниши талаб этилиши назарда тутилган бўлса, умумий пенсия ёшидаги ва пенсия олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган ҳар қандай тоифадаги ходимни Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-банди билан ишдан бўшатиш учун ҳам касаба уюшма қўмитасидан розилик олиниши талаб этилади.