ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК

Бош саҳифа

Бозор муносабатларига ўтиш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида корхоналарда ходимлар билан иш берувчилар ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларни шартномалар асосида тартибга солиш, ижтимоий шерикчилик тамойилини ривожлантириш жамоа шартномаси ва келишувлари орқали амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 29-моддасига кўра Жамоа шартномаси – корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатдир.

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги корхона ва ташкилотларда олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган ишлар ва белгиланган устувор вазифалар ҳамда жамоа шартномалари орқали эътиборга молик ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ёш оилаларга қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй жойларни сотиб олиш учун дастлабки бадалларни тўлашларига ссудалар ажратилмоқда. Шунингдек, тармоқ тизимида меҳнат қилаётган ходимлар ва улар фарзандларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, санаторий ва оромгоҳларда соғломлаштириш, ёш оилаларни имтиёзли йўлланмалар билан таъминлаш ишлари амалга оширилди. Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спорт-соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш, тарихий шаҳарларга саёҳатларини уюштириш ишлари ҳам доимий диққат марказида бўлганлиги аҳамиятга моликдир.

Ҳозирги кунда тармоқ тизимида 100 га яқин корхона, ташкилот ва муассасалар бўлиб юз фоиз жамоа шартномалари билан қамраб олинди.

Ўтган давр мобайнида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 7287 нафар фуқаролар ва 5781 та оилаларга жами 13 млрд. 068 млн. сўмлик турли кўринишдаги ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Жумладан, корхоналарда иш берувчилар ва касаба уюшмалари томонидан 1540 нафар кам таъминланган оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатиш учун 416,2 млн сўмлик, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар шунингдек, уй жой қурилиши учун 125 оилаларга 3059,6 млн. сўмлик фоизсиз ссудалар берилди.

1006 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилишга 85,8 млн. сўмлик харажатлар қопланди. Фарзандлари 2 ёшдан 3 ёшгача тўлгунга қадар бўлган 852 ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш учун 381,8 млн. сўм иш берувчи ҳамда касаба уюшмалари томонидан маблағ ажратилди. 398 нафар ходимларнинг фарзандлари спорт тўгаракларига қатнаши ҳаражатларини қоплаш учун 10730,0 минг сўмлик, 57 нафар аёлларни ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш учун 92,3 млн. сўм маблағ сарфланди.

Жамоа шартномаси корхонада иш берувчи билан касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасида биргаликда ёки келишиб қабул қилинадиган норматив ҳужжатлар орасида юридик аҳамияти жиҳатидан юқорироқ ўринда туради.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Жамоа шартномаси муҳим хўжалик ва ҳуқуқий ҳужжат сифатида бозор муносабатларига ўтиш даврида корхоналар мустақиллигини кенгайтириш ҳамда уларнинг юридик жавобгарлигини кучайтириш борасидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шу билан бирга, корхоналарнинг молиявий жиҳатидан мустақилликка ўтгани, иқтисодий рағбатлантириш жамғармасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилгани, меҳнат ҳақи миқдори ва тизими, мукофот, қўшимча тўлов, устама ҳақ, рабатлантириш тарзидаги тўловларнинг асосан жамоа шартномаларида белгиланиши корхона фаолиятига оид кўрсаткичларнинг юқори бўлишининг муҳим омили бўлиши билан бирга, ходимлар манфаатдорлигининг ортишига ҳамда меҳнат жамоаси фаолиятининг янада активлашувига хизмат қилади, қолаверса, бу жамоа шартномасида қайд этилган тадбирларнинг изчиллиги ва самарадорлигига ҳам ижобий таъсир этади. Тажриба шуни кўрсатмоқдақи, иш берувчи билан меҳнат жамоаси томонидан жамоа шартномаси орқали яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш ишлаб чиқариш унумдорлигининг ўсишига, ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларининг таъминланишига, шунингдек, меҳнат шартларининг такомиллашувига кўмаклашади.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan