Турли йўналишларда кўрик-танловлар ўтказиш сохада ишлаб чиқаришнинг ривожланишига, янгидан-янги ёш ижодкорларнинг очилишига, улар томонидан замонавий инновацион ғояларни ишлаб чиқиб, ишлаб чиқаришларга татбиқ қилиш натижасида эса меҳнат шароитларининг яхшиланишига, жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига кўмак бўлиб келмоқда.
“Ўзфармсаноат” акциядорлик компанияси раҳбарияти ва касаба уюшмаси ташаббуси билан турли номинациялар бўйича “Энг яхши фармацевтик корхона” танлови ўтказилди.
Танловнинг асосий мақсади фармацевтика ва дори-дармон ишлаб чиқариш сохасидаги фаол, аҳолини сифатли дори маҳсулотлари билан таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшаётган, корпоратив бошқаруви тажрибасини қўллаётган, ишлаб чиқаришларга халқаро ISO ва GMP стандартларини татбиқ этган хамда инновация ва инвестиция йўналишларида юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичларига эришган корхоналарни рағбатлантиришдан иборатдир.
Танловда иштирок этиш учун 50 дан ортиқ корхоналардан аризалар тушди.
Эксперт ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларининг кўрсаткичлари ўрганилиб, якунда ғолиб деб топилган корхоналарга махсус кўрсаткичли Диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бундан ташқари, “Ўзфармсаноат” АК тизимидаги 30 та ижтимоий муҳим ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарларига “Фармацевтика саноатининг энг яхши ишчиси” махсус белгиси топширилди.
Тақдирлаш маросими иштирокчилари ушбу кўринишдаги танловларнинг ўтказилиши республикада фармацевтика саноатининг ривожланиши, ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатининг ошиши, мутахассис ва раҳбар ходимлар малакасининг ошишида мухим омил ҳисобланади.