“Навоийазот” АЖ “Жамоа шартномалари ва келишувлари доирасида ишчи ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусидаги семинар ўтказилди. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда “Навоийазот” АЖ касаба уюшма қўмитаси томонидан иштирокида ташкил этилган мазкур анжуманда Республика Кенгашининг мутахассислари, иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма қўмиталари, касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Семинардан кўзланган мақсад – ишчи ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, бандлик, эркин касб танлаш, меҳнат соҳасидаги тенг ҳуқуқлилик бўйича ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларининг таъминланиши масалалари бўйича, шунингдек, мазкур йўналишда ижтимоий мулоқотни янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдир.
Анжуманда ишчи ходимларнинг бандлиги ва муносиб меҳнат шароитлари таъминланиши бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсати, ходимлар ҳамда улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, меҳнат муҳофазаси йўналишида олиб борилаётган тизимли ишлар алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистоннинг меҳнат соҳасидаги қонунчилиги ва ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар халқаро стандартларга тўла мос келиши, кўплаб масалаларда эса улардан ҳам ортиқ устунликка эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, фуқароларнинг, шу жумладан, меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш ҳуқуқлари тўла таъминланган бўлиб, ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш ва уларга бола парвариши билан боғлиқ қўшимча таътиллар, оналик билан боғлиқ турли қўшимча тўловлар бериш борасида алоҳида имтиёз ва кафолатлар ўрнатилган. Шунингдек, Ўзбекистонда меҳнат соҳасида амалий натижага эга бўлган жамоатчилик назоратини амалга ошириш, давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқотни йўлга қўйиш, касаба уюшмаларига ходимларнинг, хусусан, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини амалга оширишлари учун кенг ҳуқуқ берилганлиги ва шу мақсадда қўлланилаётган тадбирларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда фуқаролар, шу жумладан хотин-қизларнинг дам олишга бўлган ҳуқуқи иш вақти давомийлигининг маълум чегараси ўрнатилганлиги, ҳафталик дам олиш кунлари ва йиллик ҳақ тўланадиган таътиллар берилиши орқали таъминланади. Хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берувчи муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқ мазкур соҳада мақсадли йўналтирилган Давлат миллий сиёсатини юритиш орқали таъминланмоқда. Шунингдек, хотин-қизларнинг касбий тайёргарлиги, касбга қайта ўқитиш ва малака оширишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Мамлакатда ходимларнинг касаба уюшмаларига бирлашишга бўлган фундаментал ҳуқуқи тўлиқ амалга оширилмоқда. Энг оммавий жамоат бирлашмаси ҳисобланган ҳамда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида фаолият олиб борувчи касаба уюшмаларининг самарали фаолияти учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Семинар давомида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Респубилка Кенгаши раисининг ўринбосари, бош юрисконсульт мавзу юзасидан маъруза билан сўзга чиқдилар. Хусусан семинар иштирокчилари томонидан мамлакат Ҳукумати, касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишув асосидаги жамоа-шартномавий муносабатлар билан корхона ва ташкилотларни қамраб олиш даражасининг юқори эканлиги алоҳида таъкидланди. Тармоқ келишувларда ходимлар, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигининг меҳнат шартномасига, шунингдек, уларнинг малака ҳамда ихтисосига мувофиқ таъминланиши, корхона ва ташкилотларда ҳомиладор аёлларни ишга жойлаштириш учун қўшимча иш ўринлари яратиш, хотин-қизлар малакасини ошириш учун ўқувлар ва қайта ўқитишни ташкил этиш масалалари кўзда тутилганлиги эътироф этилди.
Таъкидлаш зарурки, касаба уюшмалари томонидан ишчи ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Хусусан, Тармоқ келишувларига, шунингдек, унга асосан жамоа шартномаларига ходимлар меҳнатини тартибга солиш, қўшимча имтиёзлар ва кафолатларга оид алоҳида бўлим киритилган бўлиб, улар ижроси таъминланмоқда.
Эшитилган маърузалар ва муҳокама этилган масалалардан келиб чиққан ҳолда ҳамда ишчи ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича иштирокчилар томонидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.