“Китобхон талаба” онлайн беллашуви ўтказилди

Бош саҳифа

Тармоқ тизимидаги Тошкент кимё технология институти касаба уюшмаси қўмитаси ёшлар билан ишлаш комиссияси томонидан ёшлар ойлиги доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “5 та муҳим ташаббус”нинг тўртинчи, яъни ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш йўналишида “Китобхон талаба” онлайн беллашуви Zoom иловаси орқали ўтказилди.

Онлайн беллашувнинг 1-шартида талабалар карантин пайтида ўқилган китоб бўйича тақдимот қилишди. 1-шарт бўйича 1-19 гуруҳи талабаси Фарходова Назокат  Саид Аҳмаднинг “Уфқ” ва Артур Конан Дойлнинг “Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари”, 3-18 гуруҳи талабаси Адиматова Хумора Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар”, 2-17 гуруҳи талабаси Зоиров Аброр ва 3-19 гуруҳи талабаси Тошқулова Малоҳат Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, 8-17 гуруҳи талабаси Мирсоатова Робия Худойберди Тўхтабоевнинг “Мунгли кўзлар”  асарларини юзасидан тайёрлаган тақдимотлар бўйича асар мазмунини ёритиб беришди.

 Танловнинг 2-шарти “Бу қайси қаҳрамон образи?” шарти бўлиб, бунда Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”,   Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар”,  Абдулҳамид  Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Жорж Оруэлл “1984” асарлари асосида тайёрланган саволларга жавоб беришди.

Танлов натижаларига кўра 3-18 гуруҳи талабаси Адиматова Хумора 1-ўрин,  1-19 гуруҳи талабаси Фарходова Назокат 2-ўрин ва 3-19 гуруҳи талабаси Тошқулова Малоҳат 3- ўринни эгалладилар. Ғолиб талабалар институт раҳбарияти ва касаба уюшмаси томонидан мукофотландилар ва диплом билан тақдирландилар.

Ўйлайманки, бу каби тадбирлар ёшларни китоблар атрофида бирлаштира олади.  Китоблар билан бирлашган ёшларнинг мақсади аниқ, борар манзили ойдин бўлади.

Нигора Зулярова,

Тошкент кимё технология институти касаба уюшмаси қўмитаси ёшлар билан ишлаш комиссияси раиси.

                                                 

Print Friendly, PDF & Email