Бутунжаҳон саломатлик куни – сайёрамизнинг ҳар бир аҳолиси эътиборини соғлиқни сақлаш учун биргаликда ҳаракат қилишга, саломатлик, фаровонлик билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратилган кундир.
“Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ХКда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан ишчи-ходимлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Унда Давлат тили ва маънавий-маърифий масалалар бўйича бош директор маслаҳатчиси Бахтиёр Маматов ҳамда Бош ҳамшира Ойдинниса Базаралиева ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
– Саломатлик кунини нишонлаш 1950 йилдан анъанага айланган. “Жаҳон соғлиқни сақлаш куни” аҳолига саломатлик инсон ҳаётида жуда муҳимлигини англатиш мақсадида кўплаб тарғибот дастурлари ишлаб чиқилади. Тадбирлар “Фаоллик – узоқ умр кўриш йўли”, “Урбанизация ва саломатлик” каби айни йўналишдаги глобал муаммоларга бағишланган турли шиорлар остида ўтади, -дейди Бахтиёр Маматов.
– Маълумки, ер куррасида 90 фоиздан зиёд аҳоли қазиб олинадиган ёнилғи моддалари ёниши натижасида ҳосил бўладиган носоғлом ҳаводан нафас олади. Глобал ҳарорат ошиши билан чивин орқали юқадиган касалликлар тезроқ ва кўпроқ тарқалади. Жаҳон саломатлик куни барча мамлакатлар учун соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муҳим муаммоларни ҳал қилиш учун биргаликда ҳаракат қилиш имконини яратади.
Давра суҳбатида бош ҳамшира ҳам саломатликни асраш, соғлом турмуш тарзига қатъий риоя этиш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
–Инсон саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш, қолаверса, узоқ умр кўришнинг гарови соғлом турмуш тарзи эканлиги бугун барчага аён ҳақиқат. Зеро, ҳар биримиз, энг аввало, ўз соғлигимизни ўйлашимиз даркор. Ана шунда хотиржам ва фаровон ҳаёт кечирган, кўплаб асоратли хасталикларнинг олдини олган бўламиз, – дейди Ойдинниса Базаралиева.
– Юқумли бўлмаган касалликлар бутун дунёда ўлим ҳолатларининг асосий сабабчиси ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 2016 йилда дунё бўйича 40 миллион ўлим ҳолати юқумли бўлмаган касалликлар туфайли юз берган бўлиб, бу барча ўлимнинг 70 фоизини ташкил этади. Ўлим ҳолатларининг анчагина қисми (дунё бўйича барча ўлимнинг 27 фоизи, юқумли бўлмаган касалликларнинг эса 38 фоизи) барвақт, яъни 30 ёшдан 70 ёшгача рўй берган. Ачинарлиси, келгусида дунёда бу касалликлардан вафот этганлар сонининг янада кўпайиши кутилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, соғлом турмуш тарзига риоя этилса, 80 фоиз юрак-қон томир, қандли диабетнинг 2 тури ва 40 фоиз ўсма касалликларининг олдини олиш мумкин экан.
Шунингдек, давра суҳбати давомида ишчи-ходимлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: