Ҳар бир инсон ҳаётида энг муҳими, бу — оила. Бизнинг бой илмий-маданий меросимиз, қадимий урф-одат ҳамда анъаналаримиздан аёнки, ҳар қандай замон ва маконда ҳам оила биз учун муқаддас қадрият саналган. Бинобарин, тарбиявий, маънавий-маърифий, руҳий-ахлоқий, иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларга асосланган ижтимоий бирлик ҳисобланмиш оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор тараққий этишини аждодларимиз жуда яхши англашган.
Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврига келиб ҳам Ўзбекистон ўз истиқболи ва келажагини оилани ривожлантириш, уни эъзозлашда, деб билаётгани замонавий, намунали ва фаровон оилани барпо этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Куни кеча Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимидаги Тошкент кимё-технология институтида “Оила хақидаги дилдаги гаплар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика “Оила” илмий-амалий маркази етакчи мутахассиси, психология фанлари номзоди, доцент Феруза Акрамова, Тошкент тиббиёт академияси доценти, тиббиёт фанлари номзоди Лола Абдуқодирова, Шайхонтохур тумани “Оила” маркази етакчи мутахассиси Саида Жалилова, Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши етакчи мутахассиси Шаҳина Джураева, Ўзбек Миллий академик драма театри актрисалари Ўзбекистон Халқ артистлари Гавҳар Закирова ва Зуҳра Ашурова ҳамда институтнинг фаол ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.
Тадбирни Тошкент кимё-технология институти касаба уюшма қўмитаси раиси Махфуза Караходжаева очиб берди. У тадбир меҳмонларини таништирар экан, институтда фаолият кўрсатаётган аёл педагоглар, талаба қизларга яратилаётган шароитлар, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Тадбирда Республика “Оила” илмий-амалий маркази етакчи мутахассиси, психология фанлари номзоди, доцент Феруза Акрамова ҳамда институт Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гульнора Ариповалар сўзга чиқишиб, оиланинг муқаддаслиги, фарзандларнинг тарбиясида ота-оналарнинг масъулияти хақида гапирдилар.
Тадбир давомида Ўзбекистон Халқ артистлари Гавҳар Закирова ва Зуҳра Ашуровалар ҳам аёл ва қизларга оила хақидаги ҳаётий тажрибалари асосида маслаҳатлар бердилар, спектакллардаги ролларидан парчалар ўқидилар. Ўз навбатида тадбир иштирокчилари улардан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига жавоб олдилар.
Қизғин руҳда ўтган ушбу тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди!
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: