Тармоқ тизимидаги “Фарғонаазот” АЖ корхонаси ва корхона касаба уюшмаси ҳамкорлигида 5 та муҳим ташаббус асосида ёшлар маънавиятини мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Фарғона туманидаги Шоҳимардон қишлоғи, “Шоҳимардон экотуризм маркази”га “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ёшлар саёҳати амалга оширилди. Ушбу саёҳатга корхонанинг 60 нафар фаол ёш ишчи-ходимлари жалб этилди. Фарғона водийсининг Шоҳимардон қишлоғи ўзининг мафтункор табиати, мўътадил иқлими, пурвиқор тоғлари, зилол сойлари ва тарихий меъморий обидалари билан донг таратган. Шоҳимардон ҳамма тарафи Қирғизистон билан чегарадош Ўзбекистон ҳудуди бўлиб, денгиз сатҳидан 2500-2700 метр баландликда жойлашган. Қишлоқ “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинидан иборат бўлиб, 7 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шоҳимардон фусункор табиати, зилол сувлари, минг дардга даво наботот олами билан етти иқлимга машҳур. Тўрттала тарафи ҳам тоғлардан иборат. Ҳудудидан Оқсув ва Кўксув сойлари оқиб ўтади. Бир кунлик саёҳат давомида Ҳазрати Алининг рамзий мақбараси зиёрат қилинди. Маҳаллий аҳоли бу ерни Шердаргоҳ пир зиёрати дея ҳурмат қилади.
Шунингдек, ушбу жойда “Арчамозор”, “Толмозор”, “Зиркмозор” номли мозорлар ҳам бор. Айтишларича Шоҳимардон атамасининг келиб чиқиши мардлар шоҳи, тўртинчи халифа ҳазрати Али билан боғлиқ. Маҳаллий ривоятларга кўра, ҳазрати Алининг қабри тўрт томони тоғ билан ўралган, икки дарё туташган жойда яъни Шоҳимардон қишлоғида жойлашган экан. Қолаверса ЮНЕСКО ташкилоти томонидан қурилган Шоҳимардон музейи ёшларда катта қизиқиш ўйғотди. Музейдаги ҳар бир экспонат ва маълумотлар ёшлар томонидан ўрганилди, ёшларни қизиқтирган саволларга музей мутахассиси тегишли маълумотлар берди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: