Давлатимиз раҳбари томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларга елкадошмиз

Бош саҳифа

Муҳтарам Президентмиз Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихида биринчи марта, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари сессиянинг ялпи қисмида халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва  иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди, шунингдек, қатор таклифларни илгари сурди.

Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жанобларининг бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифи маъқулланди.

Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирилди.

Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклиф этилди.

БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклиф этилди.

Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш таклиф этилди.

2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга Ўзбекистон тайёрлиги маълум қилинди.

БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш таклиф этилди.

Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклиф этилди. Шунингдек, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.

Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклиф этилди.

Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, БМТ ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёрлиги маълум қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқи кўплаб хорижий экспертларнинг диққатини тортди ва халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилди.

Синовга айланган пандемия даврида давлатлар ўртасида ишончга, бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланган ҳамкорлик улкан зарурат экани аён бўлди.

Пандемия оқибатида кутилмаган вазият юзага келиши натижасида аввало эҳтиёжманд, кам даромадли қатлам азият чекяпти ва камбағал қатлам кўпаймоқда.

Президентимизнинг камбағалликка қарши курашиш, БМТ Ассамблеясининг навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бирига айланиши кераклиги ҳақидаги таклифи ўта муҳим масалани ҳал этишда давлатлар ўртасида ҳамкорликни янги даражага кўтаришга, ушбу муаммо бўйича янги ечимлар пайдо бўлишига хизмат қилади.

Ўз навбатида биз, Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари давлатимиз раҳбари нутқидан келиб чиққан ҳолда, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида жамоатчилик билан ҳамкорликни янада кучайтириб, уларни бажаришда бор кучимиз, ғайратимиз ҳамда билимимизни сарфлаймиз.

 

М.Х.Халилова

Кимё ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email