Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмасининг III ҳисобот-сайлов Қурултойи онлайн тарзда карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда уюштирилиб, унда тармоқ тизимидаги бошланғич ташкилотлар томонидан 2015 йилнинг августидан 2020 йилнинг ҳозирги кунигача бўлган даврда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Республика кенгаши раиси Мавжуда Халилова сўнгги беш йилда турли йўналишларда амалга оширилган ишлар, бу борадаги муҳим кўрсаткичларга тўхталди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг кимё ва фармацевтика саноатларини ривожлантириш бўйича қатор қарор ва фармонлари қабул қилинди.
Жумладан, Республикамизда юқори технологияли фармацевтика корхоналарини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тўғридан-тўғри инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ички бозорни ўзимизда, шу жумладан, маҳаллий доривор ўсимликлар хом ашёсини чуқур қайта ишлаш асосида ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори воситалари билан тўлдириш, шунингдек, вилоятлар ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш асосида янги иш ўринларини яратиш ва республикамиз аҳолиси даромадларини ошириш мақсадида эркин иқтисодий зоналар (“Андижон-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм”, “Зомин-фарм”, “Нукус-фарм” ва бошқалар) ташкил этилиб, бугунги кунда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг Манзилли рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, умумий қиймати 197 млн. долларлик 31 та инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Кимё саноатини янада ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва тармоқ диверсификация қилишга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги ПҚ-4265-сон қарори имзоланди.
Унга кўра, ҳисобланган қиймати 12,1 млрд АҚШ долларига тенг, шу жумладан 1,7 млрд АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига 31 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни назарда тутувчи 2019-2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури маъқулланиб, унинг ижроси таъминланиб келмоқда.
Ҳисобот даврида кимё тармоғи корхоналари томонидан 17,6 триллион сўмлик товар маҳсулотлари (натурал кўринишда 100 фоиз ўзлаштирилувчи компонентлар ҳисобида 6,0 миллиард тоннадан зиёд минерал ўғитлари ва бошқа товарлар) ишлаб чиқарилди, 1,0 миллиард доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинди, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1,7 миллиард сўмга яқин 95 та лойиҳа амалга оширилди, 1,93 миллиард долларлик (шундан, 758,1 миллион долларлик чет эл) инвестициялари амалга оширилди ва 3890 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Шунингдек, Президент қарори билан, тармоқнинг айрим корхоналари активларини маҳаллий ва хорижий инвесторларга сотиш орқали амалдаги ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва кенгайтиришга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 февралдаги 61-сонли қарорига кўра, “Самарқандкимё” акциядорлик жамиятининг акциялари Кипрнинг “Ferkensco Management Limited” компаниясига сотилган бўлиб, ушбу компания томонидан янги фосфорли ва комплекс ўғитлар ишлаб чиқариш ташкил этиш бўйича ишлар бошланган. Бунда 300 минг тонна моноаммоний фосфат ва 300 минг тонна мураккаб NPK (азот-фосфор-калий) ўғитлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилиши назарда тутилган.
Лойиҳанинг ишга туширилиш муддати 2023 йилга мўлжалланган.
“Қўқон суперфосфат заводи” акциядорлик жамиятининг акциялари Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 25.10.даги ПҚ-3983-сонли қарорига кўра Сингапурнинг “Indorama” компаниясига сотилган. Ҳозирги кунда лойиҳа ишлари тўлиқ амалга оширилган бўлиб, 80%га яқин ускуналар корхонага келтирилган. Жорий йилнинг ноябрь ойида қурилиш монтаж ишлари якунланиб, йилига 350 минг тонна суперфосфат ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилиши режалаштирилган.
Жамоа шартномалари орқали ҳар бир ходимга тўлов 2015 йилда 5,428 млн сўмни ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб бу миқдор 7,613 млн сўмни ташкил қилди.
Шунингдек, ҳар бир корхона ва ташкилотлар молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, амалдаги жамоа шартномаларига иш берувчилар билан келишилган ҳолда ёшлар ва хотин-қизлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар киритилган.
Жумладан,
- 5850 нафар кам таъминланган ёш оилаларга 1,751 млрд. сўмлик ижтимоий кўмаклар берилди.
- тармоқ корхоналарида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 8544 нафар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид килиш харажатларини қисман қоплаш 2,243 млрд. сўм сарфланди.
– ходимларнинг 1970 нафар фарзандларига чет тилларини ўргатишда 130,0 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
- хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш бўйича 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган оналарга ҳамда кам таъминланган 4919 нафар оилалар вакилларига моддий ёрдам бериш учун 2,089 млрд. сўм маблағлар ажратилди.
Нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 586 нафар болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилашни жорий этиш тадбирлари бажариб келинган.
Ўтган давр мобайнида Республика Кенгашининг юридик хизматига жами 420 та ариза ва мурожаатлар билдирилган. Мурожаатлар мазмуни бўйича иш ҳақи тўловлари, иш вақти, ишдан бўшаш ва интизомий жазо чоралари қўллаш, меҳнат муҳофазаси мавзусида бўлган.
Мурожаатларнинг бевосита жойига бориб аризачи ва жавобгарлар иштирокида тўлақонли ўрганилиши натижасида “Навоийэлектркимё” қўшма корхона шаклидаги акционер жамияти фойдасига 327 млн. сўм ундирилишига эришилди.
Шунингдек, касаба уюшмаларининг аралашуви билан Жиззах вилояти “Агрокимёҳимоя” Ҳудудий акциядорлик жамияти ишчилари фойдасига 14 млн. 785 минг сўм ва “Самаркандкимё” АЖ ходимларининг 790,0 млн. сўм кечиктирилган ойлик иш ҳақлари ундирилган, Андижон вилояти “Агрокимёҳимоя” Ҳудудий акциядорлик жамияти вагон юкловчиларига ойлик иш ҳақларини белгилашда йўл қўйилган камчиликлар иш берувчига тақдимнома киритиш орқали ҳал этилган, 4 нафар ходимлар ишга тикланиб, уларга етказилган 100,0 млн сўмга яқин моддий зарарлар қопланилишига эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги ҳамда 2018 йил 13 октябрдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Фармонларига биноан иш ҳақи миқдорини ошириш белгиланган бўлишига қарамай, энг кам меҳнат ҳақи стандартларига риоя этилиши бўйича “Самарқандкимё” АЖ раҳбарияти томонидан ушбу фармонлар ижроси таъминланмаган. Лекин, 2018 йилнинг 15 ноябридан Республика Кенгаши аралашуви билан бу корхонада Президент фармонлари ижроси таъминланди.
Қурултойда корхоналар устав капиталидаги давлат ва “Ўзкимёсаноат” АЖ улушларини белгиланган тартибда сотилиш жараёнларида, корхонага эгалик қилувчи инвесторлар томонидан, тармоқ корхоналарида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таъминлаш бўйича касаба уюшмаларига юкланадиган қўшимча мажбуриятлар бўйича аниқ, мақсадли вазифалар белгиланди.
Қурултойда сўзга чиққан делегатлар Республика кенгашининг беш йиллик фаолиятига ижобий баҳо бердилар. Делегатлар Республика кенгаши раиси лавозимига бир овоздан Мавжуда Халилова номзодини сайладилар.
Кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: