2017 йилнинг 24 июль куни Россия Федерациясининг Ставрополь ўлкасида “Хотин-қизларнинг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш” мавзуида Халқаро семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Армения, Россия давлатлари турдош касаба уюшма ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Халилова Мавжуда бошчилигидаги Ўзбекистон вакиллари тармоқ ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан хотин-қизларга яратилган шароитлар, имтиёзлар ва кафолатлар тўғрисида ўз чиқишлари билан қатнашди.
Тадбир давомида Ставрополь ўлкаси касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ҳамда касаба уюшмалари фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувда Россиянинг турдош касаба уюшмаси “Росхимпрофсоюз” ўртасида тузилган “Дўстлик ва ҳамкорлик Келишуви”га асосан ҳамда Россиянинг турдош касаба уюшмаси билан алоқаларни янада кенгайтириш, келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини оид масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда “Росхимпрофсоюз” турдош касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси Ситнов Александр сўзга чиқиб, Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмасининг бугунги кундаги ютуқлари, тармоқ касаба уюшмасининг устувор вазифаларидан келиб чиқиб амалга оширилаётган ишларига юқори баҳо берди.
Учрашув давомида асосий эътибор хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларнинг бандлиги, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш соҳаларида олиб борилаётган ишларга қаратилди. Хусусан, тадбирда ходимларнинг ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиши, улар фаоллигини ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги таъкидланди. Бу борадаги ишларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг, энг аввало давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошираётган Нодавлат нотижорат ташкилотлари, касаба уюшмаларининг муҳим ўринга эгадир. Амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаёти сифатини ва турмуши фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик соҳасидаги фаоллиги – оилалар фаровонлиги ҳамда улар даромадларини ошириш асосидир. Бунда энг катта масъулият ижтимоий-меҳнат муносабатларининг асосий субъектлари – ходимлар, иш берувчилар ва давлат зиммасига тўғри келади.
Учрашув доирасида делегатлар “Невинномысский Азот” АЖ, “Арнест” АЖ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Учрашувлар ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти билан танишиш натижалари бўйича делегатлар томонидан “Росхимпрофсоюз” турдош касаба уюшма ташкилоти фаолиятига юқори баҳо берилди. Шу билан бирга келгусида нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликни фаол давом эттириш тавсия этилди.