НАВБАТДАГИ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Бош саҳифа

Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Тадбирда 2017 йилнинг 1-чораги мобайнида тармоқ касаба уюшмаси томонидан амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар таҳлил этилди.

Хусусан, ҳисобот даврида тармоқ касаба уюшма ташкилотлари томонидан ижтимоий шерикликни кучайтириш борасида кўрилган зарур чора-тадбирлар натижасида корхона, ташкилотларда имзоланган жамоа шартномалари сони 16 тага кўпайишига эришилди. Жамоа шартномалари бажарилишини муҳокама қилиш жараёнида меҳнаткашлар томонидан илгари сурилган долзарб масалаларнинг аксарияти ижтимоий шериклик асосида ҳал этилди. Тармоқ хусусиятларини инобатга олган ҳолда, йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари учун жамоа шартномалари намуналари ишлаб чиқилиб, амалда фойдаланилиши таъминланди.

Янги иш ўринларини ташкил этиш дастурларини амалга оширишга, аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга ҳар томонлама кўмаклашилди, бу борада жамоатчилик назорати олиб борилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати қарори билан тасдиқланган янги иш ўринларини яратиш дастурида белгиланган иш ўринларининг ўз вақтида яратилиши бўйича жамоатчилик мониторинги олиб борилмоқда.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, аввало қизларни ишга жойлаштириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш иштиёқидаги ёшларга имтиёзли кредитлар, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун истеъмол кредитлари ажратиш чора-тадбирларини таъминлаш мақсадида, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 23 нафар оилаларга узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар шунингдек, уй жой қурилиши учун 75 млн. 441 минг сўмлик фоизсиз ссудалар ажратилди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳам батафсил муҳокама қилинди. Шу мақсадда касаба уюшмалари томонидан 6 минг 300 дан ортиқ хўжалик субъектларида 46 мингдан зиёд иш ўринлари яратилгани ўрганилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида жамоатчилик назорати олиб борилди.

Раёсат йиғилишида ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, касаба уюшма фаоллари томонидан республика бўйича яратилган янги иш ўринлари ҳаққонийлигини ўрганиш кўламини кенгайтириш, бу борада ҳудудий бирлашмаларнинг халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари билан ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Тадбирда аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтириш бўйича қилинган ишлар ҳақида сўз юритилди. Масалан, жамоа шартномалари орқали 74 нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш учун 69 млн. 452 минг сўмлик, 166 нафар ходимларга юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар топшириш учун 71 млн. 084 минг сўмлик, ишламайдиган 194 нафар пенсионерларга (корхоналарнинг собиқ ходимларига) моддий ёрдам бериш учун 11 млн. 261 минг сўм маблағ ажратилди.

Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш бўйича икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилида бўлган 139 нафар ёш оналарга моддий ёрдам учун 38 млн. 591 минг сўм ажратилган.

Ўтган давр мобайнида корхона ва ташкилотларда ташкил этилаётган янги иш ўринлари ҳаққонийлиги юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, кексаларни эъзозлаш йўналишидаги ишларни давом эттириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида республикамизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида тўй маросимларини ўтказиш, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали оналарнинг ижтимоий ҳимояси ҳамда меҳнат муҳофазасини кучайтириш, уларни соғломлаштириш самарадорлигини оширишга эътибор қаратилди.

Мазкур мақсадларда жамоа шартномаларининг тўлақонли бажарилиши юзасидан корхона ва ташкилотлар тасарруфидаги соғломлаштириш масканларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, улар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, профилакторияларни илғор тиббий ускуналар билан таъминлаш, самарали даволаш усулларини йўлга қўйиш ва тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш режалаштирилган.

Шу билан бирга тармоқ тизимидаги ҳар бир корхоналарда корхоналарда меҳнат қилаётган касаба уюшма фаолларига Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонунларнинг тарғиботи қилинишига эришилди.

Йиғилишда замон билан ҳамнафас бўлиш, бунинг учун фаолият самарадорлигини янада ошириш, эртанги кунга ишонч билан меҳнат қилиш масаласи доимий диққат марказида бўлиши, бу галдаги вазифаларнинг сифатли ижро этилишини таъминлаши алоҳида қайд этилди.

Раёсат йиғилишида фаолиятга оид яна бир қатор масалалар ҳам муҳокама этилди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan